“Энг улуғ, энг азиз” танловида кимлар ғолиб бўлди?

2019-08-16T06:41:23+00:0016 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!“ шиори остида “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, ижодкорларнинг самарали ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Танловда шоир ва ёзувчилар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимларининг, шунингдек, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг 800 дан зиёд ижодий иши кўриб чиқилди.

– Намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлиги, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Ўткирбек Шукуров. – Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилгани янада аҳамиятлидир.

Иштирокчилар бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий ва фотоасарлар, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича шоира Хуршида Ваҳобжон қизи, телерадио йўналиши бўйича Андижон вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Матлубахон Юсупова, босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича Балиқчи тумани “Ғалаба” газетаси таҳририяти, тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича Жалақудуқ туманидаги 13-мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, мусаввир Рустамжон Ўрозов ғолибликни қўлга киритди.

Барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бир гуруҳ ижодкорлар рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА