Энг ноёб туйғу қадрдир

2019-06-24T09:17:35+00:006 May, 2019|Сирдарё вил.|

Дунёдаги энг ноёб туйғу қадрдир. Биз буни  Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан  Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Абдужалил Умаров ва Сайфулло Ҳудойқуловлар хонадонига уларнинг ҳолидан хабар олгани борганимизда янада теранроқ ҳис қилдик.

Гулистон шаҳрида яшовчи Абдужалил Умаров 1974 йил Тошкент Давлат университининг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодий  фаолиятини 1963 йили “Жанговар меҳнат” газетасида адабий ходимликдан бошлаган. Сўнг 1966 йилдан 1974 йилгача “Сирдарё ҳақиқати” вилоят газетасида адабий ходим, газета   мухбири,  1974-94 йиллар мобайнида “Совет Ўзбекистони”- “Ўзбекистон овози “ газетасининг  Сирдарё вилояти бўйича ўз мухбири бўлиб ишлаган .

Тажрибали журналистнинг  “Беғубор туйғулар” очерклар тўплами,  “Меҳнат қувончи”,  “Чўлда топишганлар“ ҳужжатли қиссалари чоп этилган. Айни пайтда нафақада.

-Ҳамкасблар йўқловидан доим бошиб осмонларга етади, – дейди А. Умаров.- Ўзбекистон Журналистлари ИУ фаолиятини кузатиб, мамнун бўлиб юраман. Сизларнинг ташрифларингиздан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Янгиер шаҳрида яшовчи Сайфулло Ҳудойқулов узоқ йиллар “Янгиер тонги” газетасида мухбир, бош муҳаррир ўринбосари, “Сырдарьинская правда” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган. У ҳам йўқловимиздан  шод бўлди.

– Ишлаб юрган даврингда, кексалик, хасталик ҳақида ўйламас экансан, бошинг ёстиққа текканда , яқинларинг, дўсту-қадрдонларнинг меҳр-оқибати малҳам бўларкан,- дейди С. Ҳудойқулов. – Ўзбекистон Журналистлари ИУ нинг фахрий журналистларни эътиборсиз қолдирмаётганлигидан хурсандман. Нафақага чиқиб, ортга – ўтган умримга назар ташладим, “Сырдарьинская павда” газетасида  ишлаган 20 йиллик фаолиятимда  мингдан ортиқ материаллар ёзган эканман, барчасини тартибга солдим. Китоб қилиб чиқармоқчиман, ёш журналистлар улардан албатта нималарнидир ўрганишига ишонаман.

Вилоят телерадиокомпаниясида ўтказилган “Фахрийлар –фахримиз” номли тадбирда қатнашиб, шу даргоҳда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларга уюшманинг вилоят бўлими томонидан  ташкиллаштирилган  эсдалик совғаларини топширдик.  Кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан тадбир иштирокчилари мамнунликларини билдирдилар.

Журналистларни ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш мақсадида яна бир қатор хайрли ишларни режалаштирганмизки, улардан, албатта, фахрийларимиз ҳам хурсанд бўладилар.

Дилором Исмадиёрова,

Ўзбекистон Журналистлари ИУ

Сирдарё вилояти бўлими мутахассис

Шарҳ қолдириш