Энди газета ўқилмайдими?..

2019-08-12T11:47:57+00:007 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Куч – бирликда

Талаба эдим. Ёзги таътил якунлангач, ётоқхонадан жой олиб, дарсларга тайёргарлик кўриш мақсадида вақтлироқ Тошкентга йўл олдим. Қадрдон талабалар ётоқхонаси сари ошиқдим. У ерда эса ғалати манзарага дуч келдим. Бино ташқариси тумонат одам – талаба қизлар билан тўлиб кетган (бу ер қизлар ётоқхонаси эди). Нима гап экан, деб яқинроқ борсам, комендант бино сентябрь ойининг тўртинчи санасидан очилишини эълон қиляпти. “Тепа”дан шундай топшириқ олган эмиш. Ҳамма ҳайрон. Нега энди? Ахир 28-29 августдан очилар эди-ку! Комендант ҳеч кимни эшитмади. Биз, қизлар қий-чув қилганча кўчада қолавердик. Бироқ ҳеч ким ётоқхона олдидан бир қадам ҳам силжимас, кечки пайт албатта, рухсат беришади, деган умид бор эди. Лекин афсуски, кечқурун соат 11 бўлди ҳамки, биров ҳолинг нима деб сўрамади. Ноилож, тўрт-беш дугона биргалашиб, шу атрофдаги хонадонлардан бошпана излашга мажбур бўлдик. Эртаси куни яна ётоқхона олдида йиғилди. Комендант эса кечаги “пластинкани” қўйиб юборди: “Тўртинчи сентябрдан очилади, вассалом!” Кечгача кутдик, кутавердик.

Шу маҳал курсдошларимиздан бири ётоқхонага синглисини бошлаб келиб қолди. Бу йигит “Ҳуррият” газетасида ишлар, қалами ўткирлиги боис “тилга тушган” эди. –“Нима гап”,-деди ҳайрон бўлиб. Вазиятни айтдик. Комендант билан гаплашмоқчи бўлди, ичкарига кира олмади. Анча пайтгача суҳбатлашиб ўтирди-ю, синглисини етаклаб қайтиб кетди. Биз эса тағин кечаги ижара уйга жўнадик. Эрталаб шу ердан тўғри факультетга йўл олдик. Факультетда негадир ҳамма бесаранжом, аллақандай нотинчлик ҳукм сурарди. Негадир декан, унинг ўринбосарлари биздан узр сўраётгандек, “тезроқ бўлинглар, бугуноқ истаган хоналарингга жойлашасизлар”, деганча табассум қилар, “ётоқхонага жойлашасизлар, қизларим”, деган ширин муомала тинмасди. “Нима гап”, деймиз бир- биримизга қараб… Бизни дарсда олиб ўтиришмади, судрагудек қилиб, ётоқхонага олиб кетишди, танлаган хонамиздан жой олдик. Лекин нега уларнинг авзойи бирдан ўзгариб қолганини ҳеч тушунмасдик. “Сен, журналистлар, сенлардан чиқди бу иш”, деди ҳалиги комендант бизни кўриши билан тутақиб. “Менинг номимни нега аралаштирдиларинг, нима ёмонлик қилувдим. Ана, газетада ёзибсанлар-ку”, дерди у такрор-такрор. Журналистика факультетида ўқийдиган кимники кўрса, “Сенга нима ёмонлик қилувдим, мендан бирор ёмонлик кўрдингми, айт”, дерди комендантимиз. Комендантимиз гапларидан росмана ҳайрон бўлганимизни кўргач, қўлидаги тўрт букланган газетани кўрсатди: “Мана, кўчада қолдик, “Ҳуррият”да уриб чиқибсизлар-ку мени…” Билишимизча, ўша курсдошимиз шу куниёқ талабалар ётоқхонасидаги вазият ҳақида мақола тайёрлаб, бош муҳаррирга киритиб берган, муҳаррир эса жон деб эртанги сонга мақолани жойлаштирган. Иттифоқо,бу машмаша “юқори”га етиб борган-у, тўс-тўполон бошланиб кетган…..

Ҳа, ана шундай қудратга эга эди газета, каттами, кичикми, қандай муаммо ёритилмасин, бир зумда ҳал этиларди унинг қудрати билан. Афсуски, бу фикрни ўтган замонда айтишга мажбурмиз. Зеро, бугун босма нашрлар ана шу қудратини ижтимоий тармоқларга бой бериб қўйди. Бугун Хоразмда чодирда яшаётган одамлару қашқадарёлик тадбиркорнинг ҳоким ўринбосарини ёқиб юборганигача – барча ҳодисалар ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчилик эътиборини жалб этаётир. Ҳа, бир неча йил давомида матбуотга дахли бўлмаган корчалонлар ўз тегирмонини юргизиш мақсадида газета-журнал бозорини роса қиздиришди. Ўша пайтларда урф бўлган жумла билан айтадиган бўлсак, “Бекор қолган одамки бор, ўзини газетачиликка урди”. Қайсидир ҳудуднинг қайсидир бурчагидаги туман ёхуд маҳаллада чоп этиладиган газета минг чақирим йўл босиб, бизгача етиб келадиган, ўзимизнинг нашрлар қолиб, уларга обуна ташкил этиладиган бўлди. Катта-кичик, узуқ-юлуқ, мақсад-маслаги ноаён нашрлар шу даражада кўпайдики, бозор-ўчар мақсадида раста оралаб, қай томонга қарасак, газета-журнални кўрадиган бўлдик. Бунинг натижасида газета-журналдан одамларнинг кўнгли қолди. Таҳририятлар ҳар қанча уринишмасин, ҳар қанча терт тўкишмасин, нашр мавқеи, айниқса, ададини ошириш машаққатга айланди. Ва афсуски, матбуотни бу тариқа бозорга солиш яхшиликка олиб бормаслигини, уни қадрият даражасида сақлаб қолиш зарурлигини кўпчилигимиз билар эдик. Била туриб, “Оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутдик. Ижтимоий тармоқлар эса бу паллада отни қамчилаб, маррани олдинроқ забт этиш ҳаракатига тушди. Интернет имкониятлари оддий одамларни ҳам журналистга айлантирди.

Тўғри, бу жараёнда босма нашрлардан ҳам онлайнлашув талаб этилди. Бироқ таҳририятлар бунга кўп-да эътибор қаратмай қўйди. Замон талабига қараб андоза олиш қоидасига амал қилмади ва натижада машҳур эртакдагидек, “тешик тоғора” билан қолди. Энди эса бу улкан ахборот бозорида ўрин топиш учун анча-мунча меҳнат, эътибор ва таъбир жоиз бўлса, маблағ талаб этилади. Бу ишларни амалга оширишга босма нашрларнинг қурби етармикан, деган савол эса ҳамон жавобсиз қолмоқда. Чунки онлайнлашув оддий жараён эмас. Мана, биз бормиз, деб кўкрак кераётган ижтимоий тармоқ нашрлари ташкил бўлгунча ва ундан кейин то оёққа туриб олгунча катта маблағлар билан молиялаштириб турилгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳа, келажак интернет билан боғлиқ экан, газеталарни онлайнлаштиришга эртами-кечми зарурат туғилиши тайин. Аммо унутмаслик керакки, бу билан газета йўқолиб кетмайди, бутунлай муомаладан чиқмайди. Аксинча, маълум бир муддат ривожланиш тегирмонида эзилиб, яна ўз қаддини тиклаб олади. Эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат шуки, ижтимоий тармоқлар газеталар устидан мағзава қуйиб, босма нашрларни боқибеғамликда айблашни, газеталар ижтимоий тармоқларнинг телба-тескари ахборот тарқатишини қоралаб, бир-бирига чоҳ қазишни бас қилиши лозим. ОАВнинг баҳамжиҳат ҳаракати жуда кўп муаммоларни ҳал этишга қодир. Журналистикада ҳамжиҳатлик бўлмас экан, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилинмас экан, жамиятдаги муаммолар ечимини топмайди.

Тасаввур қилинг, ижтимоий тармоқлар кўтариб чиқаётган катта бир мавзу газеталарда ҳам, телевидение ва радиода ҳам баб-баравар ёритилса, бир блогер кўтариб чиққан мавзуни барча ОАВлар қўллаб-қувватласа, аксинча, матбуот ва телевидениеда кўтарилган масалага ижтимоий тармоқ нашрлари, блогерлар ҳам ўз муносабатини билдирса, албатта, натижа бўлади. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донги чиқмас, деган нақл айни ҳақиқат. Зеро, газета, журнал, радио-телевидение ва ижтимоий тармоқларнинг бари – журналистика аталмиш онанинг фарзандлари. Бизга бир тану бир жон оила керакми ёки ҳар куни отасининг ерини талашадиган ака- укаларми? Қай бири кўпроқ ғалабага эришади? Куч – бирликда! Хулоса эса ўзингиздан.

Дилдора ИБРОҲИМОВА,
журналист.

 Манба: “Бухоронома” газетаси