Эҳ, сиз эркак-«эркаклар» ёхуд унутилаётган қадриятлар ҳақида ўйлар

2019-09-16T07:36:18+00:0016 Sentabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда дабдабали тўйлар, ким­ўзарга қилинган пулсочарлик мусобақалари, ўз тўйида ахлоқнинг ҳар қандай қоидасини унутаётган келин-куёвларга кўзимиз тушмоқда.

Кимдир отарчилар бошидан сочаётган пулларини кўз-кўзласа, кимдир тўйга қадар ўз жуфти билан нималар қилиб улгурганини намойиш этувчи «love story»ларга миллионларини тикмоқда. Қанчалар аччиқ бўлмасин, тан олиб айтишимиз керакки, «мен сендан камми» қабилидаги ­ҳою-ҳавасларга ўчлигимиз юртимизда тўй бизнесининг ривожланишига замин яратмоқда.
Бирни кўриб фикр қил, дейди доно халқимиз. Водийнинг айрим ҳудудларида тўй базми аввалида келинсалом бажо келтирилади. Келиннинг илк саломига куёвнинг узоқ-яқин қариндошлари пул бериб, миннатдорлик изҳор этади. Бу ҳолатни чақалоқни илк бора кўрганда берилажак суюнчи – кўрманага қиёслашади. Аёлларнинг одати бўлгани учунми, кўз ўрганиб қолган экан бу ҳолатга. Аммо ижтимоий тармоқда келиннинг яқинларига эгилиб-букилиб салом қилаётган куёвни кўриб, ҳайратдан ёқа ушладим. Эсиз, йигит деган ном, эсиз, эркаклик шарафи. Арзимаган пул-у латта-путта учун келиннинг хеш-у ақраболарига аёллардек тавозеъ билан салом қилса-я?!

Ҳаммасини келин тараф қилиши керак!

Ушбу қоидани аёллар ўйлаб топганига шубҳа йўқ. Аммо куёв бўлмиш хотини қилиб келган сарпони кияди, унинг идиш-товоғида овқат еб, у келтирган диванда баҳузур оёқ узатади.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган – тўйдан олдин унаштирувини бекор қилган куёвнинг гаплари ёдингиздами: «Ўртоқларимга турецкий сарпо қилишган. Менга қаердаги Ғиждувоннинг нарсаларини олиб келишибди. Мени бундай шарманда қиладиган хотиннинг кераги йўқ!»
Танишларимдан бири ҳикоя қилади: «қизимни пойтахтга узатдик. Куёвнинг ота-­онаси ўзимиз билан бир жойдан. Аммо аёл қудамизнинг кибр-ҳавоси анчагина баланд экан. Бошида ҳамма одат ўзимизнинг фарғонача бўлади, деди. Биз ҳам ишонибмиз. Ҳайитда ота-­онанг назари паст одамлар экан, қўшнилар олдида обрўим бир пул бўлди, лоақал 20 та тоғора қилмади, дея қизимни ҳайдаб юборди. Куёвни чақиртириб, сиз уйнинг эркаги, масалани нега бундай ҳал қиляпсиз, десам, бизникида ойимнинг айтгани бўлади, шу тоғорасини қилиб жўнатмасангиз, қизингиз ҳам керакмас, дейди».

Дамида ош пишади

Андижоннинг «мазар еди»си ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Қирқ кун уч маҳал ташиладиган таомнома унча-мунча ингичкани узиб, йўғонни чўзилтиради. Қисқагина сафарим давомида танишганим, оппоқ соқолли Нуриддин бобо ҳикоя қилади:
«Келин олаётганимда, аёлим билан қуда тарафга бордим. Тўрт қуда биргалашиб, масалаҳатлашдик. Мен шарт қўйдим: ҳар қандай олди-берди эркаклар орқали бўлади. Агар юзимизни босиб ўтмоқчи бўлсангиз, бемалол исрофгарчилик қилаверинг. Уйимга келин тарафдан игна ҳам кирмайди. Қизингизга юзталаб сарпо-суруқ қилиб ўтирманг. Хотин олишга ақли етган ўғлим, боқишнинг ҳам уддасидан чиқади, дедим. Ихчамгина тўй ҳам ўтди, аммо қуда тарафдан эртасигаёқ нонушталик келибди. Илк дастурхон дея индамадим. Аммо тушлик олдидан келинга «Қизим, уйингиздагиларга айтинг, овқат жўнатишмасин» деб тайинладим. Бироқ тушликда яна овқат келди, овқатни машинамга солдим, келинимни ҳам чиқардим. Тўғри қуданикига йўл олдик. «Агар яна овқат жўнатсангиз, қизингизни ҳам қайтариб ташлаб кетамиз», дедим. Шундан бери қулоғим тинч, оиламизда латта-путта машмашаси йўқ. Эркак, аслида, ҳам шундай бўлиши керак деб ўйлайман. Бекорга боболаримизнинг дамида ош пишган, дея таърифланмаган. Эркак аёлини ўзи таъминлаши, ўзи кийинтириши, ўзи барча эҳтиёжларини қоплай олиши керак. Келиннинг ота-­онаси ҳамма камчилигингизни қилиб бераркан, нима қиласиз уйланиб, дегим келади, ҳозирги йигитларга».
Бу пурмаъно ўгитларга, афсуски, камсонли қатламгина риоя қилаётир.

Ҳар бир байрам мен учун аза

«Онам оққон билан касалланган. Акамнинг ҳам, дадамнинг ҳам топгани даволанишга кетади. Қайнонам эса, буни «жуда яхши тушунгани» ҳолда, ҳар байрамда йўқлов кутаверадилар. «Онангизга айтинг…» деб бош­ланувчи талабномаларидан безиб кетганман. Байрам яқинлашгани сайин жонимни ҳовучлайман», дейди ёшгина чеҳрасида аллақачон ажинлар из ёйган Ситора.
«Қайнотангиз индамайдиларми ёки турмуш ўртоғингиз тушунтирсалар-чи?» дейман қизиқсиниб.
«Опажон-ей, эримнинг ўзи нимани қаердан олиш шартлигини уқтириб ўтирадилар-ку! Энг ёмони, биласизми, нима? Ўғлимда ҳам худди дадаси каби одамларнинг қўлига қарайдиган характер пайдо бўлмоқда… Қуш уясида кўрганини қилади, деганлари рост экан-да?»

Нафсим менинг балодур

Бир муддат аввал «Келин тарафга мебель йўқ» тарзидаги реклама баннерлари пойтахт кўчаларида кўзга ташланаётган эди. Айрим виждони уйғоқ йигитлар «мебелсиз келин» ҳештегини ижтимоий тармоқларда ёйишди. Бироқ бу тарғибот етарли эмасдек. Оловни игнанинг учича сув билан ўчирмоққа чоғланаётгандекмиз.
Акс ҳолда, «куёв салом»лар бунчалик тез ёйилмаган бўларди. Эгилиб-букилиб салом бераётганлар наҳотки ўзбегимнинг мард, танти ўғлонлари бўлса, дея ажабланасан киши. Зеро, ўзбек йигитлари қадим-қадимдан ор, ғурур, мардлик тимсоли бўлган. Сериалларга муккасидан кетган оналар тарбиялаган ўғлонлар бугун келин томоннинг нима олиб келиши, қайси фирманики бўлиши лозимлиги, ҳатто, қандай нархда бўлишини ҳам белгилаб беришмоқда.
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, эркак эркаклигини ҳис қилган жойда, аёлларда ҳаё, ҳурмат, номус тушунчалари устувор бўлади.

Дилдора РАҲМОНОВА.

Манба: «Ишонч» газетаси