Давлат хизматларидаги очиқлик ва шаффофлик

2019-11-08T12:20:59+00:008 Noyabr, 2019|Сирдарё вил.|

Сайхунобод ва Сирдарё туманларида ўтказилган медиа-турда яққол намоён бўлди

Давлат хизматлари агентлиги  Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Сайхунобод ва Сирдарё туманларидаги марказларига медиа-тур ташкил этилди.

Сайхунобод тумани Давлат хизматлари маркази шу йил 1 сентябрь —мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган. Марказ мурожаатчилар билан гавжум. Айниқса, марказнинг энг замонавий ахборот технология воситалари билан жиҳозланган. Интернетга уланиш учун бепул WiFi ўрнатилгани ва электрон навбат тизими, инфокиоскнинг ишлаб турганлиги, яна ҳам эътиборга молик жиҳати, кўрсатилаётган хизматларда шаффофлик мезони таъминлангани медиа тур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

—Марказимиз томонидан туман аҳолисига 120 турдаги давлат хизматлари кўрсаяпмиз, — дейди Сайхунобод тумани Давлат хизматлари маркази директори Шерзод Умаров. — Бу ерда мурожаатчиларга барча қулайликлар яратилган. Шунингдек, болалар учун ўйин майдончаси, кекса ва ногиронлар, фавқулотда бетоб бўлиб қолганларга хизмат кўрсатадиган тиббиёт хонаси, доимий ишлаб турибди. Энг аҳамиятлиси, одатий давлат хизматларидан ташқари марказнинг ўзида туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, нотариус хонаси ҳам ташкил этилган. Мурожаатчи бир жарёнда истаган муаммосини шу ернинг ўзида ҳал этиб қилиб кетиши мумкин. Ҳатто бошқа шаҳар, бошқа вилоятдан келган фуқаро ҳам инфокиоскка паспортини киритиб, зарур маълумотларни шу ерда туриб олиш имкониятига эга.

Журналистлар марказга ташриф буюрган фуқаролар билан ҳам суҳбатлашиб, кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати ва ходимларнинг муомала маданияти бўйича сўровномалар ўтказдилар.

—Мен қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилиш учун алоҳида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги фирма фаолиятини йўлга қўяпман, — дейди Сайхунобод тумани “Бўстон” сув исътемолчилари уюшмасида яшовчи Бобир Ҳазратқулов.— МЧЖ ташкил этиш бўйича ҳужжатларим шу ернинг ўзида рўйхатдан ўтказилди. 2020 йилдан бошлаб 20 гектар майдонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб, хорижий давлатларга экспорт қилмоқчимиз. Тадбиркорларга марказда яратилган қулайликлардан жуда мамнун бўлдим. Авваллари битта ҳужжатни ҳал этиш учун ўн кунлаб вақтимизни йўқотардик. Давлат хизматлари марказида очиқлик, шаффофлик бош тамойил этиб белгиланганлиги ҳар бир мурожаатчини қувонтиради.

Куннинг иккинчи ярмида медиа- тур иштирокчилари Сирдарё тумани Давлат хизматлари марказига ташриф буюришди.

—Сирдарё тумани Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 120 турдаги қарийб 50 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди, — дейди Давлат хизматлари маркази директори Равшан Усмонов. –Айтиш жоизки, 31 турдаги давлат хизматлари фақатгина Сирдарё тумани Давлат хизматлари марказида тажриба сифатида йўлга қўйилган.

—Бугунги ташриф доирасида кўплаб маълумотларга эга бўлдим,— дейди “Сирдарё” газетаси ходими Абдураззоқ Бурлиев.—Хизматларнинг шаффофлиги менга жуда маъқул келди. Одамларга қандай хизмат кўрсатилаётгани кузатув камерасида аниқ тиниқ кўриниб туради.

Бир сўз билан айтганда, Давлат хизматлари марказларига ташкил этилган медиа-тур барча журналистларда катта таасссурот қолдирди.

Бозорбой  БЕКМУРОДОВ.