Давлат хизматлари марказлари сони ошади

2020-01-09T08:44:22+00:009 Yanvar, 2020|Сирдарё вил.|

Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар,  хусусан, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари бўйича оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун матбуот анжумани  ташкил этилди.

Унда соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Мавлонбердиев бошқарма  ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан  амалга оширилган ишлар бўйича маърузаси тингланди.

Дарҳақиқат,  Давлат хизмати марказларининг ташкил этилиши аҳолини турли бюрократик тўсиқларсиз ишларини ҳал этишга қўл келмоқда. Бундай марказлар энг замонавий ахборот технология воситалари билан жиҳозланганлиги, интернетга уланиш учун бепул Wi Fi ўрнатилганлиги энг асосийси кўрсатилаётган хизматларда шаффофлик мезони таъминланганлиги сабабли, ўтган давр мобайнида халқимиз ишончини қозонди.

—Давлат хизматлари ягона реестрида  716 та хизмат тури белгиланган бўлса, бугунги кунга келиб ДХМлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 130 турдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда, — дейди Отабек Мавлонбердиев.—2019 йил якунида кўра вилоят аҳолисига кўрсатилган хизматлар сони 300 000 дан ошди. Ҳудудлардаги аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 11 ойи давомида вилоят миқёсида сайёр  қабуллар орқали 10 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. Хизматлар сони ошиши унинг сифатига салбий таъсир ўтказмаслиги лозим. Бунинг учун эса, янги, замонавий биноларга эҳтиёжлар сезилди. Сайхунобод, Сирдарё туман ДХМ янги бинолари фойдаланишга топширилди,   Боёвут, Ховос, Сардоба туманларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда, Янгиер шаҳри ва Гулистон туманларида ҳам янги бинолар қуриш режалаштирилган.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Дилором Исмадиёрова