Бюджет маблағлари қандай ишлатиляпти?

2019-09-25T10:35:10+00:0025 Sentabr, 2019|Навоий вил.|

Бу саволга Уюшманинг Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида вилоят Молия бош бошқармаси ҳамда Ғазначилик бошқармаси ҳамкорлигида “Молия тизими: шаффофлик йўлидаги ислоҳотлар” мавзусида ўтказилган  матбуот анжуманида жавоб берилди.

Анжуманда Ғазначилик бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Шукуров ҳамда Молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азим Тошпўлатов сўзга чиқиб, тизимда олиб борилаётган ишлар, ислоҳотлар, янгиликлар хусусида маъруза қилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят Ғазначилик органларида жами 450 га яқин бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар ҳамда бюджетдан ташқари жамғармаларнинг қарийб 1 триллион сўмлик шартномалари қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган. Соҳа вакиллари томонидан бюджетдан иш ҳақи олувчи ходимларнинг маошлари кечи билан ҳар ойнинг 5 санасига ташлаб берилиши тизимли амалга оширилиб келинмоқда.

—Уюшманинг вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилаётган матбуот анжуманлари оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ташкилот ва муассасалар учун айни муддао бўлмоқда, — дейди “Саломатлик” газетаси мухбири Жамолиддин Ахтамов. — Молия муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган бугунги матбуот анжуманида соҳа раҳбарларидан мазкур соҳада амалга ошрилаётган янгиликлардан, бюджет кодексининг мазмун-моҳиятидан хабардор бўлдик. Энг муҳими, бу анжуман соҳадаги билимларимизни мустаҳкамлашга замин яратди.

Молия тизими бўйича вилоят маҳаллий бюджетининг жорий йил учун тасдиқланган даромадлар тушумлари прогнози 7 919,2 миллиард сўмни ташкил этади. (Ўтган йили 4 485,5 миллиард сўм). Шундан, маҳаллий бюджет тушум режаси 1 495,8 миллиард (Ўтган йили 860,0 миллиард) сўм. Жорий йилнинг  8 ойлик  ижроси давомида белгиланган прогноз 109,9 фоизга бажарилди.

Маҳаллий бюджет харажатларининг ўртача 51 фоизини халқ таълими тизими харажатлари, 31,4 фоизини соғлиқни сақлаш, 9,3 фоизини мактабгача таълим, 3,6 фоизини маданият ва спорт ва бошқа соҳалар ташкил этади.

  • Молия вазирлиги томонидан “Очиқ бюджет портали” ташкил этилганлиги фуқароларимизнинг бюджет маблағларини тақсимлашда бевосита иштирок этишларида муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Тошпўлатов – Хусусан, бугунги кунда openbudget.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, ҳар ким ўз ҳудуди бўйича ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилиши лозим бўлган қурилишлар ва бошқа тадбирлар юзасидан таклиф бериши мумкин. Энг кўп овоз олган таклифларни амалга оширишга маҳаллий бюджет маблағларининг 10 фоизи сарфланади. Мазкур сайт жорий йилда иш бошлаганидан буён 10 мингта таклифлар келиб тушган. Хусусан, вилоятимиздан Зарафшон шаҳри аҳолиси энг кўп таклифлар билан чиққан. Бугунги кунда мазкур лойиҳалар ўрганиб чиқилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар орттирилган бюджет маблағларининг қай тартибда ишлатилаётгани ва нималарга йўналтирилаётгани ва мазкур тармоқ юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан  атрофлича жавоб олдилар.

Озод МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси Навоий

вилояти бўлими мутахассиси.

 Суратлар муаллифи Сирож Аслонов.