Буюк жасорат тараннуми

2019-07-14T02:04:40+00:0015 May, 2019|Умумий янгиликлар|

Яқинда пойтахтимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган байрамни кенг нишонладик. Бу қутлуғ байрам мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида катта байрам сифатида тантана қилинди. Мардлик, қаҳрамонлик, эзгулик ҳеч қачон унутилмайди. Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти учун курашиб, жон берган ўғлонларни ҳурмат-эҳтиром билан ёдга олиш, бу йўлда заҳмат чеккан, бугунги кунда ҳам умргузаронлик қилаётган инсонларга меҳр-оқибат, ғамхўрлик кўрсатиш мамлакатимизда эзгу одатга, қадриятга айлангани шундан.

Президентимизнинг 2019 йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларга янгича шукуҳ бахш этди. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, юртимиз бўйлаб 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари юксак савияда ташкил этилди. Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, фахрийларни моддий-маънавий рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

“Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч” шиорлари остида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида турли маросимлар, учрашувлар ўтказилди.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган байрам тадбирларида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Кўпчилик кўриб, гувоҳи бўлди, пойтахтимиздаги Ботаника боғида бўлиб ўтган тантанада Давлатимиз раҳбари Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган танатанали маросимдаги нутқида кўп миллатли бутун халқимизни Иккинчи жаҳон урушида эршилган Ғалабанинг 74 йиллиги билан самимий мубарокбод этди. Ҳеч шубҳасиз, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, буюк Ғалабанинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораверишини, минг-минглаб жасур ота-боболаримиз дунёдаги кўплаб халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик кўрсатгани, бу сўнмас жасорат, 74 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келаётгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, уруш арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан  1,5 миллиондан ортиғи урушда бевосита иштирок этган. Яъни ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг майдонларига отланган. Инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин- баротдан юртдошлармизнинг ярим миллиондан зиёди қайтмади. Қанчаси ном -нишонсиз, бедарак кетди. Қайтганларининг аксарияти бир умрга майиб- мажруҳ ва ногирон бўлиб қолди. Омонсиз жанглардан Ватанимизга тўрт мучаси соғ келганларнинг ҳам юрагида, руҳида мудҳиш урушнинг аянчли оқибатлари ўчмас из қолдирди.

Президентимизнинг тантанали маросимдаги нутқларидаги бир мисол кўпчиликнинг эътиборида бўлди,  дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар экан, “Табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади”, — деди. — Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб  биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот — онадир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир.

Битта мисол. Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида Зулфия ая Зокирова исмли бир мўътабар онахон яшаб ўтганлар. Том маънода буюк бу инсоннинг жасоратини таърифлашга сўз ожиз. Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказганлар.

Ҳаммамиз яхши биламиз, она зоти учун фарзанд доғини кўришдан ҳам оғир йўқотиш йўқ. Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган.

Ўзингиз айтинг, қадрли дўстлар, ҳар қандай одамни ҳам йиқитиб, яксон қиладиган тақдирнинг бундай бешафқат зарбасига бардош бериш мумкинми?

Лекин Зулфия Зокировадек матонатли, қаҳрамон ўзбек аёли бунга бардош бера олди. Шундай фожиали қисматга беш марта кўксини қалқон қилиб, беш марта ҳам мардона оёққа турди. Бунинг учун одамда қанчалик кучли ирода, метин сабр-бардош бўлиши керак!

Ёвуз уруш туфайли аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлб қолди. Унинг ўзи эса бир умр мотамда яшади. Лекин ҳеч қачон умидсизликка тушмади, ўғилларининг сўнмас хотираси, ёруғ кунлари ёди билан, келинлари, набираларининг ҳаёти, орзу умидлари билан яшади.

Мана, ўзбек аёлларининг, ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати!

Мана, севги ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қудрати!

Мана, ёшларимиз, фарзандларимиз кимдан намуна ва ўрнак олишлари керак!

Ҳаётда бирон-бир қийинчиликка дуч келса, умидсизликка тушмасдан, уларни бардош билан енгиб ўтишда Зулфия Зокирова ва унинг оиласи ёш авлодимиз учун чинакам ибрат мактаби эмасми?”

Иккинчи жаҳон урушида Ватани, халқи учун жасорат кўрсатган ижодкорлар ҳақида ҳам айтиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Тарихдан, адабиётдан маълум, Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунлариданоқ таниқли адиб, шоирлар халқимизнинг Ватанини асраб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишга, фронтга жўнаб кетганларни она –Ватанини кўкрагини тутиб  ҳимоя қилишга ундайдиган ижод намуналарини яратдилар. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Ғулом, Иззат Султон каби ижодкорларнинг шеър, ҳикоя, публицистикалари газеталарда босилди, радио орқали эшиттирилди. Оташин шоир Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан!”, “Мен яҳудий”, Ҳамид Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол!” шеъри, “Жангчи Турсун” балладаси, Зулфиянинг Ватан ҳимоясига бағишланган шеърлари ўзининг мазмун-моҳияти, таъсирчанлиги билан фронтда жанг қилаётган ва фронт ортидагиларда ҳам жуда катта таассурот қолдирди. Сўз устаси, таниқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг уруш йилларида яратган ғоят таъсирчан “Кўк конверт”, “Кампирлар сим қоқди”, “Ҳи-ҳи!” каби ҳикоялари ўқувчиларида жуда яхши таассурот қолдирди.

Энди бевосита қўлига қурол олиб, Ватанни ҳимоя қилган ижодкорлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларнинг шонли ғалаба йўлидаги жасоратлари узоқ йиллар эсда қолади. Шароф Рашидов, Шуҳрат, Иброҳим Раҳим, Одил Ёқубов, Назир Сафаров, Матёқуб Қўшжонов, Зиёд Есенбоев, Назармат Эгамназаров, Тўғон Эрназаров, Султон Акбарий – буларнинг Иккинчи жаҳон уруши майдонларидаги жасорати, шунингдек, ажойиб ижод намуналари ҳақида катта авлод вакиллари яхши билишади. Шароф Рашидов, Зиёд Есенбоев, Тўғон Эрназаров, Адҳам Ҳамдамнинг публицистик мақола ва шеърлари,  Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, “Шинелли йиллар”, “Жаннат қидирганлар”, Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса”, “Қайдасан, Монико?”, уруш йилларидаги кўрган-кечирганлари, воқеа-ҳодисалар таъсирида яратилган асарлардир.

Шароф Рашидов ва Тўғон Эрназаров ўзлари ишлаб турган газета таҳририятидан фронтга – жангга жўнаб кетишди. Бир қўлда қурол, бир қўлда қалам билан жанг қилишди. Фронтда ўзбек тилида газета ташкил қилиб, ўзларининг ғалабага ундовчи шеърлари, ўткир публицистик мақолалари билан мунтазам қатнашиб туришди.

Бугунги ўзбек ватанпарварлик журналистикаси ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, бу долзарб мавзу мамлакатимиз мустақиллигидан кейин шаклланди. Ватанпарварликдек муҳим, долзарб мавзу республикамиз матбуот ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Хусусан, “Ватанпарвар”, “Постда” газеталари саҳифаларида ёшларни ватанни жон – дилдан севиш, уни кўз қорачиғидек асраш, ҳимоя қилишга бағишланган турли жанрлардаги материаллар босилиб турибдики, булар ўз ўқувчиларини бефарқ қолдирмаяпти, албатта. Юқорида айтиб ўтилган газеталар ва мамлакатимизда босилиб чиқаётган бошқа газеталарда ҳам биз илгари билмаган, бир пайтлари сир тутилган  ўзбек разведкачилари, ватанпарвар инсонлари ҳақида мақолалар бериб бориляпти. Яқинда “Халқ сўзи” газетасида журналист Тўлқин Ҳайитнинг “УЧИНЧИ ФРОНТ ёхуд афсонавий ўзбек разведкачисининг Марказий Осиёда немис фашистлари агрессив ғояларини йўққа чиқаргани хусусида” сарлавҳали интервьюси босилди. Унда ўзбек разведкачиси Баҳром Иброҳимовнинг фашистларнинг “Учинчи фронт” очиш режасини йўққа чиқаришда асосий шахс бўлганлиги ҳақидаги тафсилотлар атрофлича баён этилган. Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин.

Айни вақтларда бевосита ватанпарварлик мавзусида қалам тебратаётган журналист, шоир ва адиблар ҳам ўз асарлари билан ўқувчиларининг кўнглини хушнуд этишга ҳаракат қилишаяпти. Масалан, Қуролли кучлар фахрийси Искандар Раҳмоннинг ватанпарварлик мавзусида ёзилган бир неча китоблари ўқувчилари эътиборида бўлиб келмоқда. Ёки шоир Зикрилла Неъматнинг мазкур муҳим мавзуга бағишланган шеърлари ўзининг чуқур мазмунга эгалиги ва таъсирчанлиги билан ўқувчиларига манзур бўлмоқда. Ўта долзарб ҳамда серқирра бўлган ватанпарварлик мавзуси, уни матбуот, оммавий ахборот воситаларида ёритилиши борасида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айтиш керакки, бу ўта муҳим мавзу ўз долзарблигини асло йўқотмайди.

Ватанимиз бўйлаб Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 74 йиллиги байрам шукуҳи кезиб юрибди. Ўтганларни хотирладик, кундан – кунга сафлари камайиб бораётган уруш фахрийлари — тирикларни йўқладик. Ота-боболаримизнинг шижоати, жон фидолиги эвазига дориломон кунларга етиб, умргузаронлик қилаяпмиз. Етказганига шукр, деймиз. Пири бадавлат отахон, онахонларимиз ҳар куни қўлларини очиб, дуо қилганлари: “Асло уруш бўлмасин, урушнинг оти ўчсин! Ватани, юртини ҳимоя қилишда ҳалок бўлган, шаҳид кетганларни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин. Тинч- осойишталигимиз абадий, осмонимиз мусаффо бўлсин. Кундан-кунга ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизни ёмон кўзлардан асрасин”.

Сизу биз — ижод аҳлининг ҳам ўзининг ажойиб ижод намуналари билан ҳаётимизга файз бериб, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юришимизни шундай улуғ кунларда Яратгандан чин дилдан сўрайман.

                                                                            Юсуфжон ҲАМДАМОВ,

                                                             Мирзо Улуғбек номидаги

                                                  Ўзбекистон Миллий университети

 Журналистика факультети доценти

Шарҳ қолдириш