Бунда қанча карвонларнинг изи қолган

2019-08-12T11:47:55+00:008 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Сирдарё вилояти Мирзачўлда жойлашган бўлиб, у 1963 йилда ташкил этилган, маркази – Гулистон шаҳри. Вилоятда асосан ўзбеклар, шунинг­дек, қозоқ, тожик, рус, корейс ва қирққа яқин бошқа миллат вакиллари яшайди. Таркибида 8 та туман бор. Аҳоли сони 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра, 836,9 минг кишидан иборат.

 Изчил ислоҳотлар самараси

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, шаҳар ва қишлоқларимиз янада кўркамлашиб, аҳоли турмуши фаровонлашиб боряпти. Сирдарё вилоятида ҳам бу борада кўплаб хайрли ишлар қилинди.

Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқаришдаги ўсишлар ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятида Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида медиатур ташкил қилинди.

Дастлаб иштирокчилар «Сирдарё» эркин иқтисодий зонасидаги фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқарилаётган «Сирдарё универсал ойна» корхонаси фаолияти билан танишдилар. Эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур корхона иш бошлаганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, экспортёр корхоналар сафига киришга улгурган. Шунингдек, ушбу маж­муа мамлакатимиздаги дори-дармон саноати учун қадоқлаш воситалари ишлаб чиқараётган ягона корхона бўлиб, хомашё сифатида фақат ўзимизнинг маҳсулотлардан фойдаланилади.

Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси

Ишлаб чиқариш ҳажмининг катталиги билан вилоятда алоҳида ўрин тутган «PENG-SHENG» Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси ҳам журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда оёқ кийимлар, чармдан ишланган буюмлар, электрон қулфлар, керамик плита, сантехника жиҳозлари каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Кафелларнинг бир қанча хорижий мамлакатларга экспорт қилинаётгани ва чарм пойабзал маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётгани мазкур корхонанинг мамлакатимиз иқтисодиётида қанчалик муҳим ўринга эга эканлигини кўрсатади.

Журналистлар корхонага қарашли кўргазма савдо марказида ҳам бўлиб, ишлаб чиқарилаётган махсулотлар билан танишдилар. Корхона ҳудудида барпо этилган «Ўзбекистон–Хитой дўстлик боғи», 30 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам журналистлар эътиборидан четда қолмади. Сўлим боғнинг ёнгинасида жойлашган, ўзбек ва хитой болалари таълим олаётган мазкур мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида олиб борилар экан.

«PENG-SHENG» Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси ҳудудида 150 гектар дала майдони мавжуд бўлиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари у ердаги пахта дала майдонига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда иштирокчилар томчилаб суғориш технологияси асосида парваришланаётган ғўзаларнинг серҳосил эканига, ҳар гектаридан камида 50 центнер ҳосил кутилаётганига гувоҳ бўлишди.

Ободлашаётган Сайхунобод

Шундан сўнг медиатур иштирокчилари Сайхунобод туманига йўл олди. Тумандаги бунёдкорлик ишлари, маънавият-маърифат, ишлаб чиқариш борасидаги ишлар журналистларда катта таассурот қолдирди. Қизиғи, Сайхунобод туманида шу вақтгача кўп қаватли уйлар тугул, икки қаватли бинолар ҳам бўлмаган. Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг туман маркази тубдан янгиланиб, кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Марказдаги деҳқон бозори янгидан қурилди, эски уйлар ўрнида икки қаватли замонавий турар жойлар қад кўтарди. Икки қаватли дўконлар қуриб битказилди. Ҳокимият ёнида туман прокуратураси биноси қурилди. Хотира майдони қайта таъмирдан чиқарилиб, унинг ёнида «Китоблар олами» дўкони бунёд этилди. Бугунги кунда мазкур дўкон атрофи кенгайтирилиб, китобхонлар учун қулай шароитлар яратилмоқда.

Журналистлар Сайхун шаҳарчасида жойлашган «Сайхун планет» савдо марказида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Туман ҳокимлиги кўмаги билан «Сайхун планет» МЧЖ томонидан қурилган хизмат кўрсатиш мажмуаси шинамлиги, замонавийлиги билан ажралиб турибди. Мазкур даргоҳда Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида амалга оширилган ишлар ҳам эътироф­га лойиқ. Савдо комплекси, болалар ўйингоҳи, кинозаллар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги, Халқ қабулхонаси ҳам фаолиятини бошлаш арафасида.

Журналистларни вилоят марказида янги бунёд этилган қабуллар уйида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев қабул қилди. Ҳоким ОАВ вакиллари бу муҳташам бинога қадам ранжида қилаётган илк меҳмонлар эканлигини таъкидларкан, Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар, хусусан, инвестиция киритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалаларга тўхталди.

— Илгари Сирдарё вилояти чўлга қиёсланарди. Бугун эса «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ» дастурлари доирасида олиб борилаётган ишлар натижасида обод мас­канга айланди. Икки-уч йилча аввал 8 та туман ҳам дотацияда эди. Бу йил ишни тўғри ташкил қилиб, вазиятни ўзгартирдик, ўтган йилнинг ўзида давлат бюджетига 3 миллиардга яқин маблағ туширдик. Бу йил ҳам ялпи ички маҳсулотни 1,5 триллион сўмга етказишни мўлжаллаганмиз. Йил якунигача 178 миллион доллар миқдорида инвестиция киритишни режалаштирганмиз. Бу борадаги режаларимиз ўтган олти ойда қарийб 60 фоизга бажарилди, — деди вилоят ҳокими.

 Ҳавас қилса арзигулик Ховос

Иштирокчиларнинг Ховос туманига ташрифи, у ерда амалга оширилган ва оширилаётган ишлар билан танишуви ҳам таассуротларга бой бўлди. Улар ҳозирда янги масжид бунёд этилган «Ховостепа» тарихий ёдгорлигини зиёрат қилдилар.

Ховос тумани ҳокими Р. Бобоев билан суҳбатлашиб, қолаверса, мазкур ҳудуд билан боғлиқ тарихий манбаларни кўздан кечириб, «Ховостепа» тарихий ёдгорлиги тўғрисида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Эски Ховос тепалиги археолог олимлар томонидан 1984 йилдан бери ўрганилмоқда. Олиб борилган тадқиқот натижалари ушбу масканнинг эрамиздан аввалги ва милодий I асрларда пайдо бўлганлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини берди. 2003 йилдаги археологик қазилмалар натижасида бу ердан илк юнонлар даври мудофаа деворлари қолдиқларининг топилиши дастлабки экспедиция даврида олинган маълумотларни тасдиқлади. Эски Ховос тепалиги 10–14 метргача қазиб ўрганилди. Кўҳна тепаликдан топилган истеҳком қолдиқлари, ҳунармандчиликка оид ашёлар Бақтрия ва Сўғд ёдгорликларидан қолишмайди. Эски Ховос тепалигидан топилаётган археологик метериаллар антик даврга оид бўлиб, улар Ховос Марказий Осиёдаги юксак ривожланган вилоятлардан бири бўлган, деган хулосага келиш имконини беради. Эски Ховос тепалиги топилмалари яна шуни исботламоқдаки, бу ердан Буюк ипак йўлининг ўтганлиги туфайли у Фарғона, Сўғд, Чоч, Жиззах ва Бақтрия ўртасидаги боғловчи бўғин бўлган. Эски Ховос 2500 йиллик тарихга эга.

Шундан сўнг меҳмонлар 42 гектар майдонда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, яъни Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган «Ховос сити»нинг қурилиш жараёни билан танишишди. Мазкур ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилган бўлиб, унга кўра, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспорт учун қулайликлар яратилмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, Ховос туманида охирги 50 йил давомида бирорта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда истиқомат қилишарди. Эндиликда шинам ва замонавий кўп қаватли уйлар бунёд этилиб, аҳолининг турмуш шароитлари босқичма-босқич яхшиланиб боряпти. Марказда бунёд этилаётган 30 та кўп қаватли уйнинг 20 таси Ховосда илк бор қурилаётган 5 қаватли уйлардир. Уларда икки ва уч хонали 760 та хонадон бўлиб, шундан 600 таси арзон уйлардир.

Бир замонлар ачинарли аҳволда бўлган, вилоятнинг жиноятчилик авж олган ҳудудларидан бири саналган Ховос туманида бугунги кунда ҳавас қилса арзигулик ишлар бажариляпти. Тез орада барча қулайликларга эга бўлган обод ва замонавий шаҳарча пайдо бўлса, бу ҳудуд таниб бўлмас даражада гўзалашади.

Иштирокчиларнинг кейинги сафари Гулистон шаҳрига бўлди. Шаҳардаги «Буюк келажак» массивида янги қурилган кўп қаватли уйлар кўзни қувонтиради. Ушбу 5 қаватли уйлардан 30 та хонадон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига, 30 таси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига, 11 таси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига ва 49 таси ички ишлар органлари ходимларига топширилган.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг февраль ойида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ҳалима Худойбердиева ижод мактабини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг «Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Тез орада қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Орадан кўп ўтмай шаҳарда 150 ўринга мўлжалланган кўркам бино қад ростлади. Медиатур иштирокчилари бино билан танишиб, яратилган шароитларни кўришди ва яратилиши кўзда тутилаётган шароитлар ҳақида тасаввурга эга бўлишди. Йил охиригача мазкур мактаб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Тассуротлар бир олам

Кўриб турганингиздек, Сирдарё вилояти кун сайин гуллаб, яшнаб, чирой очиб бормоқда. Медиатурга ташриф буюрган қалам аҳли ҳам завқу шавққа тўлиб, олам-олам тассурот олди. Сирдарёнинг минг йиллик тарихга эга ҳудудлари ҳам гўё мозийдан ҳикоя қилаётгандек. Шоир Алишер Нур сўзлари билан айтганда,

Сен Ховоссан, минг йилларни ёдга солган,

Сайхунобод чинорисан ўйга толган,

Бешбулоқсан, кўпкарида марра олган,

Бунда қанча карвонларнинг изи қолган,

Сирдарёсан, Ватан ичра Ватанимсан,

Олам аро тенги йўқ бир чаманимсан.

Медиатур иштирокчилари Сирдарё вилоятидаги ислоҳот одимлари, ўзгариш ва эврилишлар, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасидаги ишлар билан яқиндан танишди. Улкан бунёдкорлик ишлари, сирдарёлик меҳнат аҳли муваффақиятларини ўз кўзлари билан кўришди. Бу каби улкан ислоҳотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга ошириляпти. Ташкил этилган медиатурдан кўзланган мақсад эса илғор тажрибаларни ўрганиш ва кенг тарғиб этишдир.

 Бернора САДИКОВА,

полковник.

Манба:«Постда» газетаси