“Болам, менга пулинг эмас, меҳринг керак…” ёхуд остонада қолган армонлар

2019-08-12T11:50:26+00:0011 Iyun, 2019|Ҳафта мақоласи|

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 64-модда. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 66-модда. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

ИНСОНИЙЛИК ва миллий қадриятларимиз манбаи ҳадиси шарифда айтилишича, уч тоифа инсоннинг дуоси ортга қайтарилмайди. Шулардан бири ота-онанинг фарзандлар ҳақига қилган дуосидир.

Дарҳақиқат, юзларига бешафқат ҳаётнинг қат-қат излари босилган, нурсиз кўзларига маҳзунлик ин қурган, тилларидан шукроналик аримайдиган таббарук зотларнинг қўллари ҳамиша дуода. Улар Яратгандан элу юртга тинчлик-омонлик, ёшларга бахт-саодат, ёмонларга инсофу диёнат тилашдан асло чарчамайдилару, аммо ўзлари ­учун эса ҳеч нарса сўрашмайди. Чунки ҳаётда уларнинг озгинагина меҳрдан, фарзанд дийдори ва бахту иқболидан бўлак ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ.

Таъбир жоиз бўлса, ота-онани фарзанди учун, фарзанд камоли учун беминнат фидойи жон, дегимиз келади. У дунёга келганида бир парча гўшт эди, ота парваришлаб боқди, она кечалари ширин уйқусидан воз кечиб тунни тонгга улади, ўзлари емай едириб, боласининг қўлига кирган тикан жонларига қадалиб, не бир орзу умидлар билан вояга етказди, касб-ҳунар ўргатди. Уй-жойли қилди.

Фарзанднинг ота-она олдидаги қарзи нечоғлик улкан эканлигини барчамизга таниш бўлган қуйидаги машҳур ривоятдан ҳам билса бўлади.

Қайсидир тақводор йигит онасини елкасида опичлаб ҳаж сафарига олиб борибди. Ўз ишидан дили ҳузурланиб, руҳи енгил тортибди. Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб, фарзандлик ҳақини адо қилган, қилмаганлигини сўрабди. Шунда у муборак зот: “Сен онангнинг фақатгина бир кеча ширин уйқуси ва эмизганлиги ҳақини адо қилдинг”, дебдилар.

Афсуски, орамизда умрбўйи ўғил-қизларининг муваффақиятларидан севиниб, ғаму ташвишларидан ўзлариданда ортиқроқ куйиниб яшайдиган фаришта янглиғ нуроний инсонлар, фарзанд меҳри ва дийдорига ҳамиша ташна ота-оналари борлигини унутиб қуйган беоқибат фарзандлар ҳам йўқ эмас. Акс ҳолда Қариялар уйида мудом йўлга термулган, дастурхони тўкину кўнгиллари ўксик, оғзида ошу кўзларида ёш оталар ва оналар бўлмас эди.

Ҳамма нарса бор, ­лекин…

Пойтахтимизнинг сўлим ва сокин гўшаларидан бирида жойлашган Уруш ва меҳнат фахрийлари учун респуб­лика пансионатидамиз. Пансионат директори Франгиза Акрамова биз билан суҳбатни юқоридаги сўзлар билан бошлаганига аввалига бироз ажаблангандек бўлдик.

— Уруш ва меҳнат фахрийлари ­учун республика пансионатимизда айни дамда 158 нафар кекса отахон ва онахонлар умргузаронлик қилмоқда, — дейди Ф.Акрамова. — Уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун давлатимиз томонидан барча шароит, имтиёз ва қулайликлар яратилган. Қарияларимизга жами 100 нафар малакали ходим хизмат кўрсатади. 2018 йилда Васийлик кенгаши ва ҳомийлар ёрдамида пансионат иморати қайта қуриб битказилди. Эндиликда ҳар бир киши учун керакли маиший техник воситалар билан жиҳозланган яшаш, ювиниш хоналаридан иборат алоҳида уй ажратилган. Турли спорт заллари, кутубхона, маънавият ва маърифат хоналари кексалар хизматида. Таниқли санъаткорлар, ­олиму зиёлилар, адиблар иштирокида турли учрашувлар ташкил қилинади. Юртимизнинг тарихий масканлари, зиёратгоҳ ва табиат қўйнига саёҳатлар ­уюштирилади.

Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, табаррук отахон ва ­онахонларимиз қалбларига қувонч бахш этиш, уларни рози қилиб, дуоларини олиш. Муҳтарам қарияларимизнинг юз-кўзларида кулгу кўрганда, рости ўзимизнинг ҳам дилларимиз яйраб, қилаётган ­ишларимиздан фахрланиб кетамиз. Лекин кўнглимизни хира қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Сабаби, 20 фоиз қарияларимизнинг фарзандлари бор. Уларнинг кўзлари ўғил-қизларининг йўлида ҳамиша нигорон. Айримлари, ҳатто катта лавозимларда ­ишлайди, таниқли инсонлар. Лекин ота-­онаси ҳолидан хабар олишга вақтлари йўқ.

Очиғи, кўпчилик қарияларимиз ОАВ вакиллари билан суҳбатлашишни хуш кўришмайди. Айтадиган, дардлашадиган гаплари йўқ бўлгани учун эмас, балки уялишгани учун. Ўзларидан кўра, фарзандларининг обрўсини ўйлашади.

Исмимни ёзманг, ўғлимга уят бўлади!

— Исмимни ёзмасангиз, майли гаплашаман, — дейди 86 ёшли табаррук онахон. — Бу ерда яшаётганимга ўн йилдан ошди, ўз уйимдек бўлиб қолган. Кўриб турганингиздек, уйим кенг, ёруғ, барча шароитлар муҳайё. Ўзимга тенгдош ҳамхоналарим, дугоналарим бор. Бир-биримизга таянч бўлиб, тасалли бериб яшаяпмиз. Пансионатнинг барча ходимлари, директордан тортиб қоровулгача менга меҳрибон. Бир жойим оғригудек бўлса, ҳамширалар ҳозиру нозир. Лекин мана бу кўксим қаттиқ оғрийди, унинг давоси бу ерда эмас…

Сочлари оппоқ муштипар аёлнинг ­ушоққина гавдаси янада букчаяди, овози титрайди, кўз-ёшлари юзига чакиллаб томади. Бу ҳолатни кўриш жуда оғир. ­Унинг йиғисидаги чексиз изтироб беихтиёр қалбимизга кўчади. Онаизорнинг дил ярасини очганимизга пушаймон бўламиз, унга қандай таскин беришни билмай талмовсираймиз.

— Турмуш ўртоғим билан фарзандларимизни ҳеч кимдан кам қилмай, ҳеч нарсадан зориқтирмай вояга етказдик. Ҳар иккисини ўқитдик, уй-жой билан таъминладик. Ўзлари танлаган қизларга, орзу-ҳавасларидек тўй қилиб уйлантирдик. Буларнинг ҳаммаси бизнинг машаққатли меҳнатимиз, соғлиғимиз, ёшлигимиз ва ўз ҳузур-ҳаловатимиздан воз кечганимиз ­эвазига бўлди. Тақдир экан, катта ўғлим автоҳалокатга учраб, бу дунёни тарк этди. Кўп ўтмай, келиним ўзи тер тўкиб олмаган уй-жойни бизга билдирмасдан сотиб юборди. Ҳатто, хайрлашмасдан чет давлатга, ўз юртига кетиб қолди. Бу кўргуликка чидай олмай турмуш ўртоғим ҳам ҳаётдан кўз юмди. Иккинчи ўғлим, ёлғиз суянчиғим катта бир идорада ишлайди. Лекин кўнгли бўш. Келинимнинг чизган чизиғидан чиқолмайди. Шу сабабли, аста-секин мендан узоқлаша борди. Йиллар ўтган сари, тез-тез касал бўлиб, ўрнимдан ҳам туролмай қолдим. Келиним “Болаларимдан ортиб, касал қарашга вақтим йўқ. ­Онангни қариялар уйига обориб ташла, у ерда яхши қарашади, ғамхўрлик қилишади”, деб ҳар куни жанжал қилаверди. ­Охири, боламнинг оиласи тинч бўлсин, деб уйдан, турмуш ўртоғим билан не-не орзу-ҳаваслар билан қурган уйимдан чиқиб кетдим. Бошида ўғлим ҳафтасига, сўнгра ойда бир марта олдимга келиб турарди. Эндиликда йилда бир-икки марта келади. Менга унинг пули ёки олиб келадиган нарсаси керак эмас. Фақатгина меҳри, эътиборига муҳтожман, бир оғиз ширин сўзига зорман. Келмаслигини билиб турсам ҳам, ­оёғим беихтиёр кўча ­эшик томонга судрайди, кўзларим йўлга қарайверади. Ўғлим билан бир кун, атиги бир соат мириқиб суҳбатлашгим, дийдорига тўйиб-тўйиб қарагим, невараларимни кўргим, бағримга босгим келади. Шу соғинч, шу армон мени бу ерда тинч­гина яшашга қўймайди-да…

Аёл боши билан қурилишда ­ишлаб, меҳнат машаққатидан қадди дол бўлмаган, ҳаётнинг пасту баланд йўлларида толмаган ­онаизорни тўшакка михлаган дарднинг нималигини англагандек бўлдик. Буни бемеҳрлик, таъбир жоиз бўлса, нонкўрлик билан баравар тошбағирлик, дейиш мумкин. Беихтиёр кўнглимиздан тизгинсиз саволлар ўтади. Муштипар онаизорини қон йиғлатиб қариялар уйига элтиб қўйган йигитнинг ори, диёнати борми? У қандай қилиб жамоат орасида ишлаяпти, улфатлари ­орасида қандай бошини кўтариб ­юрибди? Болаларининг “бувимиз қани”, деган сўроғига нима деб жавоб беради-ю, уларга қандай ­ибрат бўлаяпти?

Оналар қандай қилиб таом есин?!

Суҳбатимиз аввалида Пансионат директори Ф.Акрамова “Оналарнинг ҳай­ратомуз меҳр-муҳаббати ҳақидаги ривоятлар бекорга айтилмаган экан, ­улар ҳаётдан олинган, бунга ўзим ­амин бўлдим”, деган сўзларида жон бор экан. У кишининг ҳикоя қилишича, ­Пансионатда ҳар бир қарияга режадаги овқатдан ташқари кунига 200 грамм шакар, сариёғ ва турли хил ширинликлар берилади. Қарангки, айрим онаизорлар буларни ўзи емай, фарзандларига, невараларига илинар экан. ­Улар неча йиллаб пешона тери билан бунёд этган ўз бошпанасига сиғдиришмаган, оқ сут бериб, оқ ювиб, оқ тараган она аталмиш улуғ зот олдидаги бурчини унутган бемеҳр фарзандлари учун граммлаб йиғиб, совуткичларда сақлашаркан. Тошбағир фарзандлари ойлаб, йиллаб хабар ­олишмаса-да, ота-­оналар умид ва илинж билан барибир кутишаверади…

Бир куни Пансионат қоровули ­онаизор ўзи емай, мисқоллаб йиққан бир халта ноз-неъматларни кўтариб кетаётган ўғилни изза қилибди:

— Онангнинг меҳнат қилиб топган нонини еб улғайдинг. Энди қариганида уни боқиш малол келади-ю, оғзидаги ­ошини ейишдан уялмайсанми?

Яна бир гап. Маълумотларга кўра, Пансионатда яшовчи ­отахон ва онахонлар нафақаларининг маълум миқдорини ўзлари ­олишади. Шу пулларни ота-оналар йиғиб, ҳар икки-уч ойда ўғил ёки қизларига телефонда хабар беришади. Байрамларда, муборак кунларда ота-оналарини эслашмайди. Лекин нобакорлар пулнинг дарагини эшитгач, 80-90 ёшни қоралаган ногирон, кекса ота-­оналаридан пул олиш учун етиб келишади.

Ким билсин, балки бу фарзанд соғинчидан бағри ўртанган, унинг дийдорига ташна мукарраммаи мушфиқ зотларнинг охирги ­усули, ягона йўлидир.

Меҳрнинг бозори ва баҳоси борми? Бўлса у қанча туради?

Шукрки, бугунги кунда турмуш фаровонлигимиз тобора ошиб бормоқда. Ҳар бир оилада машина, ижтимоий техник воситалар ҳаётимизга янада қулайлик яратаяпти. Ҳатто, мактабда ўқийдиган болаларимиз қўлида шапалоқдек телефон. Дунёнинг истаган бурчаги билан бир зумда алоқа қила олади. Дастурхонларимиз тўкин-сочин. Нонни танлаб еймиз, сувни ҳам саралаб ичамиз. Бир қараганда ҳамма нарса муҳайё, ҳаёт тўла-тўкис. Аслидачи? Ҳар биримизда ўзаро меҳр-оқибат, ўзга тугул, ҳатто ўзимизга яқин инсонларга эътиборимиз етишмайди. Орамизда узоқдаги ­ота-она ҳолидан ойда бир марта телефон орқали хабарлашадиган, уларни байрамларда телефон орқали табриклаб, бурчини бажарадиганлар, қон-қариндош, жигарлари билан фақат тўю маъракаларда кўришадиган одамлар оз эмас. Ҳар биримиз беоқибат фарзандларни қоралаймиз, қизғин муҳокама қиламиз. Аммо қариялар уйидаги қариялар фақатгина кимнингдир ота-онасигина эмас. Балки кимнингдир қон-қариндоши, кимнингдир жон қўшниси, кимнингдир ҳамкасби ва дўсти, қадрдони эмасми(ди)? Инсон учун дунёда яқинлари эътиборидан четда қолишдан ҳам кўра оғир ва оғриқли ҳолат бўлмаса керак.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, дунёга ибрат бўлгудек бағрикенг, саховатли ва савобталаб халқмиз. Мамлакатимизда инсонпарварликнинг энг олий тамойиллари мужассам. Давлатимиз ва саховатпеша кишиларимизнинг беминнат хайрли ишларини биргина  мазкур пансионат тимсолида ўз кўзимиз билан кўриб, яна бир бор амин бўлдик. Бироқ оила, ота-­она ва фарзандлар меҳрини ҳеч нарса босолмайди. Бу Меҳрибонлик уйининг болалари, қариялар уйининг отахону ­онахонлари кўзларида муҳрланган аччиқ ҳақиқат.

“Мени олиб кет, ўғлим!..”

Собир ота (исми ўзгартирилган) зиёли, кўп йиллар элу юрт хизматида бўлган таниқли инсон. Ҳаётнинг пасту баландини кўргани учун халқ тили билан айтганда қариялар уйига тез кўникди. Ўзининг хушмуомалалиги, вазминлиги билан бу ерда барчанинг ҳурматига сазовор бўлди. Унинг турмуш ўртоғи вафот этган, бир ўғил ва қизи борлигини кўпчилик билмасди. Ўғил фарзанди қайсидир чет эл корхонасининг етакчи раҳбарларидан бири. Отаси билан ойда бир телефон орқали гаплашиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлади. Қизи эса… Гўё ҳеч қачон отаси бўлмаган, дунёда унинг борлигини унутгандек. Пансионат боғидаги гулларни парваришлаш Собир аканинг ҳам севган машғулоти, ҳам овунчоғи.

Сўнгги кунларда отахон негадир тушкунликка тушиб, сўлғин кайфиятда ­юрадиган бўлиб қолди. Бир куни буюмларини халтага жойлади-да, “Мен энди кетишим керак”, деб кўча эшиги олида кунбўйи ўғлини кутиб ўтирди. Муассаса ходимлари қанча юпатмасин, ялинмасин хонасига кирай, демасди. Фақатгина телефон қилиб ўғлини чақиришларини тинмай илтимос қиларди.

— Мен бир эмас, бир неча бор у кишининг ўғлига қўнғироқ қилиб, отасининг илтижосини етказдим, — дейди Ф.Акрамова бу воқеани хотирлаб. — Ҳар гал отахоннинг ўғли турли важларни рўкач қиларди. Охирги марта гаплашганимда: “Вақтим йўқ, боролмайман. Сизларга давлат нима учун пул тўлайди, қаранг­лар-да. Бошқа мени безовта қилманг”, деб жеркиб ташлади.

Боласини кутиб толиқмасин, деган мақсадда мен бу гапни ­отахонга айтишга мажбур бўлдим. Шунда у киши тиззасидаги халтасини қучоқлаганича, бошини қуйи солди. Биринчи марта очиқ-ойдин аччиқ-аччиқ йиғлади. Буни кўриш барчамизга оғир бўлди. Ўша ­куни кечга бориб отахоннинг жони ­узилди. Ўғлининг дийдорини кўриш, ўз уйида жон бериш унинг армони, ягона илтижоси эди. Отанинг маъракасини фарзандлари катта ресторанда дабдаба билан ўтказишди.

Мақолага нуқта қўйиш, якунлаш учун Ҳадиси шарифда келтирилган қуйидаги сўзлардан бошқа ибора тополмадик: “Билингким, она кўзидан бир томчи ёш тўккан, ота дилини ранжитган фарзанд бўйнига икки дунё тавқи лаънатини илибди”.

 

Фарида ҚОРАҚУЛОВА.

Манба:“Инсон ва қонун” газетаси