Болаларни журнал ўқишдан ким маҳрум қилди?

2019-07-14T00:15:29+00:0010 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

Ота-оналар бундан ярим йил аввал фарзандлари учун болалар нашрларига обуна бўлишган эди. Аммо ҳанузгача уларнинг бирорта сонини олишгани йўқ.

Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги “Кулба” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Малика Ҳайдарованинг газетамизга йўллаган мактубида шундай сўзлар бор:

“Кўпчилик 2019 йил учун “Ғунча” ва “Гулхан” болалар журналлари учун
обуна расмийлаштирганди. Шундан буён олти ойдан кўп вақт ўтди, аммо обуначилар ушбу нашрларни ҳалигача олишмади”.

Бу одамлар шу пайтгача наҳотки ҳеч қаерга мурожаат қилишмаган бўлса, десангиз, янглишасиз. Обунани расмийлаштирган “Матбуот тарқатувчи” МЧЖнинг туман бўлими эшигини бир неча бор тақиллатишди. Унинг раҳбари Аллаёр Раббимов эса барча буюртмани вилоят бўлинмасига топширганман, бироқ у ердагилардан садо йўқ, дея гапни қисқа қилаверди. Болажонлар эса орзиқиб кутилган журналларни почтачи амаки ва холалари олиб келишидан ҳамон умидвор.

— Невараларим олдида жуда ноқулай аҳволда қолдим, — дейди Малика Ҳайдарова. — Ахир уларга ҳадемай журнал ўқийсизлар, деб ваъда бериб қўйгандим. Шундан бери кичкинтойлар ҳоли-жонимга қўймай сўрашади, лекин қани тайинли жавоб топа олсам?!

— Қизим учун “Гулхан”га бир йиллик обуна бўлгандим, — дейди яна бир маҳаллий аҳоли вакили Ферузабону Мамадиёрова. — Январдан июлга қадар бирорта сонини олганим йўқ. “Матбуот тарқатувчи” МЧЖнинг туман бўлимига қилган мурожаатларимиздан бирор наф чиқмади.

— “Ғунча” журналини жуда яхши кўраман, бувим уни менга кўп ўқиб берардилар. Ҳозир саккиз ёшга тўлдим, энди ўзим ўқий оламан, — дейди 12-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Бону Сандибоева. — Шу йил ота-онам бу журналга яна обуна бўлишди. Фақат олиб келишмаяпти-да…

Бону таҳсил олаётган мактаб кутубхоначиси Назокат Арслонованинг сўзларига кўра, ўқувчиларнинг ота-оналари болалар даврий нашрларига юз нусхадан ортиқ обуна бўлишган. Аммо шу пайтгача бирорта журнал келмаган.

“Матбуот тарқатувчи” МЧЖ Фориш тумани бўлими бошлиғи Аллаёр Раббимовнинг айтишича, жорий йилда туманда “Ғунча” журналига 325 нусха, “Гулхан”га 90 нусха обуна расмийлаштирилган. Аммо уларнинг бирорта сонини ўз эгаларига етказиб бера олишмаган. Яъни тумандагилар обуна бўйича барча тегишли ҳужжатларни “Матбуот тарқатувчи” МЧЖга топширган. У ердагилар эса етказиб келтириш учун ҳатто буюртма ҳам бермаган(!!!)

Хўш, бундай бефарқлик, лоқайдликни қандай изоҳлаш мумкин?

— Даврий нашрлар етиб келмайди, — дейди Фориш тумани халқ таълими бўлими мудири Ойбек Эрхонов. — Аралашувимиздан сўнг бир ойлик газета тахламини олиб келишди. Бирма-бир ажратиб кўрсак, бу тахламлар ичида бўлимимиз ходимлари ёзилган нашрларнинг кўпчилиги йўқ. Ўрнига бошқа нашрлар келган. Демак, уларнинг ҳам манзили ўзга. Ана шу “адашган” газета-журналларни ҳам ўз обуначилари илҳақ кутиб ётгани аниқ.

— Вилоятимизда “Ғунча” журнали учун 495, “Гулхан” учун 110 нусха обуна амалга оширилган. Шунингдек, “Бошланғич таълим” журналига 63, “Ёш куч”га 14 нусха обуна расмийлаштирилган. Улар учун тўловлар ҳисобимизга келиб тушган, — дейди “Матбуот тарқатувчи” МЧЖ Жиззах вилояти раҳбари Маъмура Урдушева. — Бироқ суд тартибида бизнинг корхонага банк операцияларини амалга ошириш тақиқлаб қўйилган. Барча молиявий маблағлар қарзни узиш учун йўналтириляпти. Биз банкротлик ёқасидамиз. Штат бўйича белгиланган 42 нафар ходим ўрнига ҳозир уч киши ишлаяпти. Қарийб ҳар беш кунда Мажбурий ижро бюроси ходимлари келиб, биздан қарзларни тўлашни талаб этмоқда. Икки йил ичида 800 миллион сўм тўладик. Нима қилишни ҳам билмайман. Агар ҳисобимизнинг ярми очилганда ҳам, вазиятдан чиқиб кетган бўлардик.

Шу ўринда савол туғилади: ушбу қарздорликлар қандай келиб чиқди ва нега бунинг учун обуначилар азият чекиши керак?

Юз минг аҳолига эга Фориш тумани ҳудуди катта. Бу ерда
64 та умумтаълим мактаби фаолият юритади. Уларнинг кўпчилигида тез-тез интернет алоқаси узилиб қолади. Газета ва журналлар эса аҳолини мамлакатимиз ҳамда хорижда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор этувчи восита. Бироқ бу ерга даврий нашрлар ҳам катта узилишлар билан олиб келинаётгани, ҳатто аксарият ҳолларда етиб келмаётгани ачинарли.

Бу ҳол учун ким жавобгар? Нима сабабдан ҳуқуқ-тартибот органлари қарздорликни ҳосил қилганларни аниқлаб, уларга нисбатан тегишли чора кўрмаяпти? Обуначи пулини чўнтагига уриб, бошқалар ҳисобига қарзларини қоплашга уринаётганлар кимлар ўзи? Бундай нохуш ҳолат келгусида яна содир бўлмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Охирги саволга Президентимизнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригидан жавоб топиш мумкин. Зеро, унда ноширлик иши, китоб савдоси, обуна ва тарғибот масалаларида бутун дунёда ўзини оқлаган бозор механизмларини кенг жорий этиш кераклиги таъкидлаб ўтилди. Бу ёшини яшаб, умрини ўтаб бўлган алмисоқдан қолган фаолиятсиз ташкилотлар ўрнини янги, истеъмолчилар ҳуқуқларига қатъий риоя этадиганлари эгаллайдиган давр келди, дегани эмасми?!

 

Ленура АДИЛШАЕВА,

Толибжон ЭРГАШЕВ.

 Манба:“Халқ сўзи” газетаси

Шарҳ қолдириш