Болалар саломатлиги муҳим масала

2019-09-20T09:42:13+00:0020 Sentabr, 2019|Сурхондарё вил.|

Термиз шаҳридаги «Меридиан» мехмонхонасида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида «Бола соғлиғи хусусан иммунизация масалаларини ОАВда ёритиш”  мавзусида семинар-тренинг  ўтказилди.

Тренингда дастлаб вилоят Санитария-эпидимиология назорати маркази мутахассиси Худойназар Хўжаназаров вакцинация ва унинг бола соғлигига ижобий таъсири мавзусида журналистларга маълумот берди. Шундан сўнг, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова лойиҳанинг мақсад ва вазифалари,  анъанавий ва онлайн ОАВда болаларни эмлаш,  ахборот манбалари билан ишлаш,  фейк-хабарлар ва ОАВда  болалар мавзуси билан боғлиқ ёлғон хабарларнинг тарқалишини олдини олиш, болалар саломатлиги масаласи бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллардаги стереотипларни аниқлаш, эмлаш тарихи мавзулари бўйича тақдимот ўтказди.

—Тренинг оммавий ахборот воситаларида эмлаш мавзусини ёритишнинг замонавий усуллари, иммунизация бўйича чиқаётган сохта материаллар, хабарларни аниқлаш ва текшириш борасидаги билим ҳамда кўникмаларимизни янада оширди,—дейди “Диёр24” интернет нашри мухбири Матлуба Негматуллаева.   — Ўқув машғулоти давомида  малакали тренер ва мутахассислардан олган маълумотларни тайёрлайдиган мақолаларимизда кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Шунингдек, семинарда мавзу юзасидан журналистлар учун услубий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мастура ҲАМРОЕВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

 уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси