Бола бозорга солинмайди

2019-07-14T04:16:56+00:008 Aprel, 2019|Ҳафта мақоласи|

…Қишлоққа — Самарқандга борсам,  уйга жомадонимни қўяман-да дарҳол бувимникига қараб йўл оламан. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Болалигимнинг энг завқли дамлари ўтган бувимнинг жаннатдек ҳовлисига кириб бордим. Умри меҳнатда ўтган бувимни доим бирор юмуш устида учратардим.  Бу сафар…

Саксон ёшга яқинлашиб бир ҳовучгина бўлиб қолган бувим мунғайиб ўтирибди. Келганимни сезмадилар ҳам.  Саломлашгач, хомушликларининг сабабини сўрадим.

— Журналистсан. Ҳамма янгиликни  эшитасан. “Она ўз фарзандини фалон пулга сотмоқчи бўлди” деган гаплардан бохабар бўлсанг, сен ҳам сесканиб кетасанми?

Гангиб қолдим.

Бувим  давом этди:

— Тўнғичим — онанг ўшанда 5-синф, холанг Зулфия икки ойлик чақалоқ эди. Бобонг кутилмаганда вафот этди-ю, бир этак бола билан ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолдим. Бобонг етимликда катта бўлган, бизни қўллайдиганимиз йўқ. Отам ўлган, ўгай она эса ўзидан ошиниб, менга бир бурда нон тутадиган аҳволда эмас. Қақшаб йиғлайман. Қани эди йиғлаш билан дардим ариса… Қаттиқ эзилганимдан бўлса керак, кўкрагимдан сут келмай, чақалоғим рисқсиз қолди. Қўни-қўшни чиқарган яримта нон ва бир коса овқатни  болаларимга бўлиб бераман-у ўзим оч қоламан. Ейман-ичаман деб турган олти бошни қандай боқишни ўйлайман. Ҳаёлимда “Ертага нон топиб беролмасам, силлам қуриб ётиб қолсам, болаларимга ким қарайди?” деган ўйлар айланаверади. Қўрқинчли ўйлар бундан-да баттар ваҳимани   юрагимга солади. Бир-икки бор “Селсовет”да ишлайдиган вакиллар келиб: “Болаларингизни боқишга қурбингиз етмаса, “детдом”га топширамиз” дейишди. Юраккинам ёрилиб кетай деди: “Охирги нафасим чиққунча уларни ўзим боқаман!..” Вакилларни ҳайдаб солдим.  Фермага соғувчи бўлиб ишга кирдим. Орада уйга келиб, болаларимдан хабар олиб, яна ишга қайтаман. Шу алфозда фарзандларимни  пешона терим билан боқдим. Бировдан кам бўлмай вояга етди. Олти қизимнинг бирортасининг “гапи” чиқмади. Қизларимнинг бўйи етганда, остонамизни  совчилар босиб кетди. Мана, қизларим билан қурган уйда невараларимни боқдим, энди эвараларимни боқаяпман, аммо  бугун телевизордан боласини сотмоқчи бўлган аёл ҳақидаги гапларни эшитиб, ҳўнг-ҳўнг йиғладим…”

Бувимга тасалли беролмадим.

Зеро, бувим айтганидек ўзбек аёллари қачондан боласини сотишгача бўлган ҳолатга етиб келди? Қачондан бошлаб ўз боласига нарх қўя бошлади! Шу аёлнинг отаси, ҳеч бўлмаганда, ака-ука, бошқа қариндош уруғи, уларнинг ори, инсофи  йўқмикан?  Қайси юрак ва қайси қўл билан фарзандини етти ёт одамга мол сотгандек пуллаб юбора олади?

Ўтмишга назар солайлик. Уруш йилларида, қаҳатчилик замонларида кунжара-ю, кепак билан кун кечирган одамлар ҳам боласини кўчага отмаган, бозорда сотмаган. Аксинча, уруш давом этаётган ҳудудлардан кўчириб келтирилган етим-есирларни бағрига олган. Бир бурда нонини баҳам кўрган.

“Она”, “Аёл” сўзлари билан ёнма-ён бу сўзларга мос чиройли таърифлар, мақтовлар қидирамиз. Кўкларга кўтарамиз. Тўғри-да, Аллоҳ ўзидан кейин яратувчанликни фақат аёлгагина берган. Она бўлиш, оналик бахтига сазовор бўлиш бахт эмасми? Лекин, оналикни ортиқча чиқим ва оёғига “тушов” деб биладиганлар ҳам афсуски учраб турибди.

Ҳар куни хайрли янгиликларга кўзим тушади. Давлатимиз раҳбари юритаётган халқпарвар, инсонпарвар сиёсат бераётган юксак самараларни кўриб, кўпчилик сингари кўнглим тоғдек кўтарилади. Айни пайтда, кўнгилсиз хабарлар дилимни хуфтон қилади. Сарлавҳалари нақадар қўрқинчли. Гоҳида хабарни тўлиқ ўқишга-да бардошингиз етмай қолади. “Тошкентда квартира олиш учун 4 ёшли ўғлини 14 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди”, “Тошкентда 1 ёшли ўғлини 2000 долларга сотмоқчи бўлган аёлга жазо тайинланди”, “Сурхондарёда 8 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган фарғоналик аёл қўлга олинди”, “Андижонлик аёл 2 ёшли қизини 18 миллион сўмга сотмоқчи бўлди”,  “Бола сотмоқчи бўлган “ошиқ-маъшуқ”лар устидан ҳукм ўқилди”, “Петербургда ўзбекистонлик аёл 4 йилга қамалди”, “Чақалоғини “Тоёта”га алмаштирмоқчи бўлган оила қўлга олинди”…

Инсонман деганнинг бу хабарлардан  ичига олов тушиши аниқ.  Гуноҳкордан сабабини сўрасангиз ё  тирикчиликни важ қилади  ёки шармандагарчиликдан қўрқишини. Хўш, “баҳона”ларни қалаштираётган аёллар шунчалик чорасизми? Иродасизми? Ё танбалми? Бу манфур ишларни аёллар бажараётгани инсонни янада ўйлашга ундайди.

…Яқинда  уч ёшли боласини сотмоқчи бўлган аёлнинг суд ишини телевидениеда кўрсатишди. Онанинг пушаймонлигини инобатга олиб, суд унга қамоқ жазосини қўлламади. Судда иштирок этган гўдагининг кўзларини бир кўрсангиз эди… Ҳадемай шу гўдак улғаяди. Онасининг бу мудҳиш жиноятидан у хабар топса, нима деб ўйлайди? “Ўғлим, сени сотворишга мажбур бўлдим, тер тўкиб ишлагим келмади” деган важини у тўғри тушунадими? Бугунги тўқчилик замонда бундай виждонсизликка қандай чидаш мумкин? Умуман, бирор-бир баҳона бу маънавий гумроҳликни оқлаши мумкин эмас. Бола-чи, бола бир умр “Мен “ташландиқ” ҳеч кимга кераксиз юк бўлганман” деган ўй уни қийнамайдими? Қаранг-а, ҳаётда кимдир бир тирноққа зор, кимлардир нақадар ношукр.

…Қайтар дунё. Эзгуликнинг ҳам, гумроҳликнинг ҳам ҳисоб-китоби, жавоби бор. Тўғри йўлидан адаштирмасин!

Феруза БЕРДИЕВА,

журналист.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.

Шарҳ қолдириш