Бир кунлик сафар —970 кунлик зафар

2019-08-15T12:07:38+00:0015 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги олдидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан марказий оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган ҳамкасблар ҳамроҳлигида Сирдарё вилоятида бўлдик. Шинам ва замонавий автобусда пойтахтдан йўлга чиққанимизда Сирдарё кичкина жой, ҳам Тошкентга яқин, икки-уч соатда вилоятни кезиб чиқсак керак, деб ўйлагандик. Аммо Самарқанду Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий вилоятларига боришда неча марта шу ҳудуддан ўтганмиз-у, «кўприк» вазифасини бажариб берган Сирдарёнинг жозибасини, малоҳатини сезмабмиз, билмабмиз. Эзгу ният ила ташкил этилган медиа тур бу манзилга нисбатан тасаввурларимизни буткул ўзгартириб юборди.

 Ўзимизники, Ўзбекистонники

 Мезбонлар бизни дастлаб Сирдарё туманида фаолият кўрсатаётган «Сирдарё универсал ойна» масъулияти чекланган жамиятига олиб боришди. Салкам 5 гектар майдонни эгаллаган, 2018 йил 1 июнда иш бошлаган мазкур корхонада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлари тайёрланади. Ичкарига кириб, баҳайбат станоклар, хориждан келтирилган дастгоҳларни кўриб, бир ҳайратланган бўлсак, рўзғорда ҳар куни керак бўладиган оддий банкаларнинг тайёрланиш жараёнини кузатиб, ўн карра қо­йил қолдик. Ўзимизнинг йигит-қизлар меҳнат қилаётган бу корхонадаги хом ашё ҳам ўз заминимиздан олинади.

—   Илгари шундай корхоналарни тасаввур қилолмасдик, — дейди  «Сирдарё универсал ойна» масъулия­ти чекланган жамияти раҳбари Алишер Махмутахунов. — Бугун эса ҳамма нарса ўзгарди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар етиб бўлмас орзуларимизни ҳам кўриш мумкинлигини исботламоқда. Биргина ушбу корхона фаолияти ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда ишлаётган ходимларимизнинг барчаси мамнун. Уч навбатда меҳнат қиладиган ишчиларимиз 1 миллион 200 мингдан 3 миллионгача маош олишади. Ишга бориб келиш, уч маҳал иссиқ овқат — корхона ҳисобидан. Иш бошлаганимизга эндигина бир йил бўлди. Шундай бўлса-да, хорижлик ҳамкорлар, экспертлар маҳсулотларимизга юқори баҳо беришмоқда. Энг муҳими шуки, меҳнат қилсак, излансак, интилсак, ҳаммасига эришамиз.

Жўшиб, фахр билан гапираётган корхона раҳбарининг сўзларини эшитиб, унинг айтаётганлари чин эканлигига Чинлар билан ҳамкорликда йўлга қў­йилган «Пенг-Шенг» қўшма корхонасига борганимизда, яна бир карра амин бўлдик. Корхона, деса, чанг-тўзон, шовқин-суронли жойларга ўрганиб қолган эканмиз, аммо унинг тасарруфидаги сўлим боғ, ўзбек ва хитой болалари аҳил-иноқликда тарбияланаётган 30 ўринли мактабгача таълим муассасасини кўриб, беҳад хурсанд бўлдик. Ушбу масканда таълим-тарбия жараёнлари ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида олиб борилади.

Кафел, ишлаб чиқаришга мўлжалланган цехда бўлганимизда ишчилар асосан аёллардан иборат экани эътиборимизни тортди. Бунга изоҳ сўраганимизда, хитойлик мутахассислардан бири шундай деди:

— «Асосан замонавий технологиялар кўмагида ишлаётганимиз учун хотин-қизларни ишга олганмиз. Сабаби, улар эркаклардан кўра масъулиятли ва ҳушёр бўлишади. Бошқарув тизимининг биргина нуқтасини нотўғри босиш ҳам оворагарчиликка сабаб бўлади. Қолаверса, бу аёллар учун нисбатан енгил иш, сояда меҳнат қилишади».

«Пенг-Шенг»нинг  кўргазма савдо уйи ҳам бор экан. Бинода қўшма корхонада ишлаб чиқиладиган деярли барча маҳсулот турларида намуналар намо­йиш этилган. Савдо маркази, банк сингари бир қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат ушбу кенг ва баҳаво манзилни кичик шаҳарча десак, адашмаймиз.

Журналистлар «Пенг-Шенг» корхонасига қарашли қўшқатор экилган ҳамда томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришланаётган ғўза майдонида ҳам бўлдик. Билдирилишича, қўшқатор усулида анъанавийга нисбатан бир гектарга 30 минг туп кўп кўчат жойлаштириш имконияти бор. Яна бунда агротехник тадбирларни бажариш учун далага трактор киритишга ҳам ҳожат йўқ. Дала соҳиблари гектаридан 50 центнердан кам ҳосил олмаймиз, дейишди ва уларнинг бу гапи айни пайтда ҳар туп ғўзада ўртача 50-54 та ҳосил нишонаси борлиги билан ҳам ўз исботини топди.

Иссиқхонада помидор, банан, қовун етиштирилар экан. Махсус совуткич эса ичкаридаги ҳароратни мўътадиллаштириб турибди. Шу боис бу ерда ёзнинг жазирамасида ҳам бемалол ишлаш, ҳаракатланиш имконияти яратилган.

— Ўзимиз ва Тошкентдаги «Корзинка»ларнинг барчасини шу ердаги маҳсулотлар тўлдирди, — дейди Сирдарё тумани ҳокими А.Муҳаммадиев. — Асосийси, етиштирилаётган помидору қовуннинг мазаси даланикидан қолишмайди. Шу ернинг ўзида ўнлаб кишилар иш билан таъминланган.

Иссиқхонадан чиққач, электр токида ҳаракатланадиган ихчам ва қулай машиналарда ҳудудни айланар эканмиз, беихтиёр ҳайдовчиларни кузатаман. Улар ўзимизникилар. Каттагина жойни эгаллаб, яхшигина даромад олаётган хитойликлар эса ишбилармонлиги билан дунёга донг таратаётганлиги рост. Аммо уларда бор ақл, маҳорат, меҳнатсеварлик бизда ҳам бор-ку. Бирор бир халқни камситмаган ҳолда тан олайлик: бардош­да, меҳнатда, сабру қаноатда ўзбекка етадигани йўқ. Шунча хислатлари бор миллатнинг заминида қад ростлаётган корхоналар, уларнинг соҳиблари, барча ишчи-ходимлари ҳамда даромаду фойдаси ҳам бир куни бутунлай ўзимизники бўлишини астойдил орзу қилдим…

Мухбирдан чиққан ҳоким

 Тур давомида Сайхунобод тумани марказидаги бунёдкорлик ишлари, шунингдек, маънавият-маърифат, хизмат кўрсатишни юксалтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишдик. Туман ҳокими Ботир Мирзақулов барча саволларимизга аниқ ва лўнда жавоб берди. Ҳамкасбларимиз ҳокимнинг телефон рақамини сўраш асносида: «Қўрқманг, обуна масаласида бе­зовта қилмаймиз» деб ҳазиллашди. Бунга жавобан эса туман ҳокими бир пайт­лар, яъни ўқувчилик йилларида ўзи ҳам туман газетасига хабар ва мақолалар ёзганини, таҳририятдан юбориладиган қалам ҳақи эвазига «энг бой ва обрўли ўқувчи» бўлганлигини фахр билан тилга олар экан, матбуот ҳар доим кераклигини, жамиятдаги муаммоларни кўрсатиш ва бартараф этишда тенгсиз минбарлигини таъкидлади.

Сайхун шаҳарчасида «Сайхун планет» МЧЖ томонидан туман ҳокимлиги кўмагида қурилган замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаси иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди. Бу ерда айни пайтда Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси доирасида салмоқли ишлар бажарилган. Хусусан, мажмуанинг биринчи қаватида савдо комплекси, иккинчи қаватида эса болалар ўйингоҳи ва иккита жами 80 ўринли кинозал ишлаб турибди. Яқин кунларда яна давлат хизматлари, Халқ қабулхонаси ўз фаолиятини бошлайди.

Одатда, пойтахтимизда жойлашган кўнгилочар марказларга бориб, бошқа жойда бунақа шароит бўлмаслигини, шунинг учун ҳам аксарият юртдош­ларимиз Тошкентга интилишини ўйлаймиз. «Сайхун планет» ёшлар ва савдо марказига бориб эса, бу иштибоҳ унчалик ҳақиқатга тўғри келмаслигини англайман. Негаки, яратилган шарт-шароитлар пойтахтимиздаги кўнгилочар мажмуалардан асло қолишмайди. Салқин ва шинам бино, замонавий аттракционлар болаларга завқ бағишлаяпти. Ота-оналар фарзандларининг шодон қийқириғига шерик. Ҳар куни шундай экан. Одам гавжум. Ушбу маж­муа «Ташаббус-2019» кўрик-танловининг вилоят ғолиби Хуршид Шарипов томонидан банкдан олинган  21,3 миллиард сўм кредит ҳамда тадбиркорнинг 14,5 миллиард сўм шахсий маблағи ҳисобига бун­ёд этилган. 28 та янги ишчи ўрнига эга мажмуа дам олиш кунларисиз ишлайди.

Туман ҳокимининг айтишича, марказда тез кунларда 5 та муҳим ташаббус доирасида Хотира хиёбони ва замонавий «Китоб олами» савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Ишончни оқлаш масъулияти

Ижтимоий тармоқлар, ОАВ орқали айрим вилоят раҳбарларининг мажлисларда ҳақоратомуз сўзларни ишлатиши, қўл остидагиларни изза қилишию кўр-кўрона тарзда одамларнинг уй-жойи, тадбиркорнинг дўконини бузиб ташлаётганини кўриб, эшитиб безиб қолган эканмизми, вилоят ҳокими билан кўришасизлар, дейишганда, очиғи, унча аҳамият бермадим. Аммо  вилоят ҳокимлигининг шундоқ ёнгинасида бунёд этилган муҳташам «Қабуллар уйи»да Ғофуржон Мирзаев медиа тур иштирокчиларини жуда самимий қарши олганидан ажабландим. Ахир, вилоят раҳбарининг вақти тиғиз, қурилиш-бунёдкорлик ишлари авжида экан, мутасаддиларни сўкиб, тергаб турмаса, иш битармиди? Йўқ, ундай эмас экан. Раҳбар маданиятли, маърифатли бўлса, ҳамма ўз ишини билиб-билиб қилавераркан. Зотан, биз вилоятнинг қайси ҳудудига бормайлик, бунинг гувоҳига айланиб улгургандик ҳам. Президентимизнинг юксак ишончини оқлаш, одамларни рози қилишга астойдил бел боғлаган вилоят ҳокимининг мақолу ҳикматларга боғлаб айтган сўзларини тинглаб, орзу ниятлари, мақсад-муддаоларини эшитиб, англадикки, бу инсоннинг гапига ишонса бўлади.

—   Дастлабки кунларда айримлар: «Олти ойда ишни топширасан, қийин» дейишган эди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев. — Президентимизга раҳмат, қўллаб-қувватладилар. Илгари вилоятимиз чўлга қиёсланарди. Бугун эса, аксинча, обод масканга айланмоқда. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ» дастурлари бунда муҳим ўрин тутмоқда. Яна икки йилдан кейин ҳудуд бутунлай ўзгаради. Биз инвестиция киритиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жиддий ишлаяпмиз. 2-3 йил илгари 8 та туман дотацияда эди. Бугун ишни тўғри ташкил қилганимиз учун вазият ўзгарди, яъни биргина ўтган йили давлат бюджетига 3 миллиардга яқин маблағ туширдик. Бу йил ЯИМни 1,5 триллионга етказишни мўлжаллаганмиз. Қолаверса, йил якунига қадар 178 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритмоқчимиз. Бу борадаги режа дастлабки олти ойда қарийб 60 фоизга бажарилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жадал қад ростлаётган «Ховос сити» медиа тур йўналишининг марказий манзилларидан бири бўлди. Айни пайтда янги шаҳарчада 30 та замонавий бино қуриляпти. Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари Отабек Данабоевнинг айтишича, бу ҳудудда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида боғча, мактаб, тадбиркорлик объектлари ҳам бунёд этилади.

«Ховос сити». Ховос туманидаги 42 гектарлик ерда бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилаётган манзил.  Ушбу лойиҳага асосан маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кутубхона, китоб дўкони, кинотеатр, деҳқон бозори, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Ўша кунлари ҳаво ҳарорати 44-45 даража иссиқ бўлишига қарамай, қурувчиларнинг ишлаётганини кўриб, англадикки, ўз юртини нурафшон, кўнгилларни чароғон этмоққа бел боғлаган одам учун этни жунжиктирадиган изғирину олов пуркайдиган офтобнинг таъсири йўқ экан. Улар учун бир маслак муҳим: қуриш, яшнатиш, обод этиш.

Айни кунларда янги марказда 30 та кўпқаватли уй қуриляпти. Шундан 20 таси Ховосда илк бор қад ростлаётган 5 қаватли уйларни ташкил этади. Уларда икки ва уч хонали 760 та хонадон бўлиб, шундан 600 таси арзон уйлардир.

Дориламон кунлар келди…

 Тадбир доирасида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ҳам бўлдик. 150 ўринга мўлжалланган ушбу мактабга қабул жараёнлари бошлаб юборилган. Республикамизда ягона ижод мактаби сифатида бунёд этилаётган ушбу мажмуа ёшларимизнинг адабиёт борасида билимларини ошириш, илм уфқи кенг ёшлар сифатида улғайишига хизмат қилади. Яқинда ушбу муассаса директорлигига тайинланган таниқли шоир Муҳаммад Исмоилнинг айтишича, бу ерда нафақат Сирдарё, балки қўшни вилоятлардан ҳам иқтидорли болалар сабоқ олишлари мумкин экан.

«Дориламон кунлар келди, шафақлари ол, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор» деб ёзган эди бир пайтлар Ҳалима Худойбердиева. Кўп йиллар ишсизу эътиборсиз қолса-да, нолимаган, аммо армону ўкинчга тўла эди шоира қалби. Бу дил Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли қувончу бахтиёрликларга тўлди. Бугун эса унинг руҳини шод этиш мақсадида улуғвор ишлар қилинаётгани қад ростлаётган мана шу мактаб мисолида ҳам яққол мужассамдир. Бу ҳурмат, бу эъзоз, истеъдодни асраб-авайлашга қаратилган бундай хайрли амаллар ўзининг шириндан-ширин мевасини кўрсатиши муқаррар.

Халқ билан бўл, халқ билан яша

 «Халқ билан мулоқот», «Давлат идораларининг халққа хизмат қилиши», «Одамларни рози қилиш», «Ишонтириш, инонтириш…» Бу каби сўзлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жонажон Ўзбекистонни беҳад севиши, эзгу ниятли халқимизни қадрлаши туфайли дилдан тилга кўчганидан далолат. Бинобарин, ижод аҳлининг одамлар орасида кўпроқ бўлиши эртамизни ўйлаб қилинаётган ишларнинг кўламини, асл моҳиятини тарғиб этишга хизмат қилади. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимовнинг таъкидлашича, бундан кейин бу каби медиа турлар «Журналист ва ҳаёт» лойиҳаси асосида барча вилоятларда ташкил этилади. Демак, халқ билан мулоқот кундалик ишимизга, ҳаётимиз мазмунига айланиб бораверади.

Дарвоқе, «Буюк келажакни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз», деган эзгу ташаббус ила кейинги икки ярим, уч йилда биргина Сирдарё вилояти мисолида рўй бераётган ўзгариш­ларни уч-тўрт бетлик мақолада қамраб олиш қийин. Аслида, шу пайт­гача сабр-­қаноат билан яшаб келган, бугун эса давлат раҳбарининг ғамхўрлиги, меҳридан таъсирланиб яхши кунларга умиди уйғонган халқнинг, оддий одамларнинг юз-кўзидаги қувонч, мамнуниятни кўриб, улар билан юзма-юз суҳбатлашиш таъсиридан асарлар ёзилса, китоблар яратилса, арзийди.

Аминмизки, шундай кунлар яқин.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ