Беш йил кутилган «Олтин қалам»

2019-07-14T03:25:41+00:0024 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Муҳтарама волидам ҳар гал дастурхон устида “Илоҳим бу йил албатта “Олтин қалам” мукофотини олгин” деб дуо қиларди. Бу бутун оиламизнинг эзгу нияти эди. Чунки ўзим севган касбим – журналистика соҳасида  узоқ йиллардан буён фаолият юритар эканман, мамлакат миқёсида эътироф этилишни шунчалар хоҳлардимки, бу менимча шу соҳада ишлаётган ҳар бир ижодкорнинг орзуси бўлса керак. “Олтин қалам” мукофотининг таъсис этилгани эса айни муддао эди.  Қаторасига 5 йил  телерадиокомпания бадиий кенгаши маъқуллаган кўрсатувларимни танлов ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилдим. Ҳар гал нега мени совриндорлар қаторида эмасман, деган савол қийнарди. Аммо ортга чекинмадим, ҳар хил гап-сўзларга қулоқ тутмасдан кейинги сафар яна танловга иштирок этавердим. Ниҳоят, 2016 йили орзуларим ушалди. Ўшандаги ҳаяжоним, қувончимни сўз билан ифодалай олмайман.

Онамнинг, оиламнинг шодликлари, дўстларимнинг табриклари. Булар умримнинг энг серфайз даври ҳисобланади. Бу мукофот отам раҳматликнинг журналистикани танлашимга берган ёрдамлари, устозларимнинг касбнинг сир-асрорларини ўргатганликларининг натижаси деб биламан.

Мухтасар айтганда “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳа эгаларининг жамиятда янада фаол, шижоатли, холис, тезкор, ҳалол, ислоҳотларнинг олдинги сафларида ўткир қалами билан ишлашлари учун илҳом беради.

Матлубахон ЮСУПОВА,

ХI “Олтин қалам”   

Миллий танловининг телевидение                 

йўналиши бўйича совриндори.

Шарҳ қолдириш