Бачканаликнинг чегараси борми? Ёхуд медиа макондаги рекламаларга ижодий ёндошув қани?

2019-08-13T05:52:32+00:0013 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

 Колбаса қаниииии?

 Креативлик қани? 

 Бачканаликнинг чегараси борми?

 Ёхуд бизни медиа макондаги 

рекламаларга ижодий ёндошув қани?

Радио эшитяпман, «Тўхтаниёз ота» колбаса маҳсулотлари рекламаси айланяпти, аёл ухлаётган эрини уйғотиб, ширали овози билан ишорали туюлгандек «Адаси, колбаса қанииии?» дея ширинлиги бирданига тугаб кескин сўроққа тутяпти…

Эшитган одамда худди ўзбек аёлларининг бари уйқудан «адаси колбаса қаниии» деган «пурмаъно» савол билан билан уйғонадигандек тасаввур пайдо бўлади… Узрку, лекин бу жуда қўпол, тўпори ва мантиқсиз ғоя…

Инглиз ёзувчиси Норман Дуглас: «Миллатнинг идеаллари ҳақида уларнинг рекламаларига қараб билиб олиш мумкин» деган эди. Мантиқсиз рекламаларимизга қараб бошқалар биз ҳақимизда нима деб ўйлашлари мени кўп ташвишга солади…

Аслида бу реклама «Тўхтаниёз ота» савдо белгисининг хатоси эмас, улар ҳам бозорда мавжуд мутахассисларга мурожаат қилганлар холос. Бизнинг ижодкорларга эса креативлик, профессионаллик етишмайди.

Баъзи хориж рекламаларини кўриб «Ваҳ, санъат асарику» деб юборамиз ўзимиз. «Turkish Airlines» авиа компанияси реклама роликларини кўрсангиз, беихтиёр турк миллатига, юртига нисбатан қизиқиш уйғонади кишида. Шунда ўйлаб қоламан, бизда ҳам миллийлигимизга тўғри келадиган, бизни ўзбекча характеримизни янгича ракурсдан кўрсатадиган рекламалар яратиш вақти келмадимикан?! Одамларимизга ойнаи жаҳон, радио орқали онгсизлик, ғоясизликни тарғиб қилишдан чарчашмадимикан?! Қачон бизни ижодкорлар ўз халқини бензин билан «Вензи»ни фарқига бормайдиган саводсиз қилиб кўрсатишдан тўхтаркан?! Қачонгача халқ дангаса, янгилик топишга эриниб, истаганини оммага тиқиштирадиган ижодкорларнинг бўлмағур ғояларини ҳазм қилади?!

Ахир кўриб турибмизку, рекламалар бутун бошли миллат онгини бошқаряпти. Бунга ютуқли ичимликлар, уларнинг ортидан ўйналаётган турли шоулар ва сарфланаётган миллионлаб пуллар яққол мисол…

Бизда креатив рекламалар ишлаб чиқариш учун маблағ муаммо эмас. Сиз профессионал бўлсангиз тадбиркорлар ўз маҳсулотлари рекламаси учун катта катта маблағ тўлашга доимо тайёр. Шу боис реклом соҳасидаги шогирдларим ҳамда бошқа ижодкорлардан ўз ишларини севишларини, кўпроқ изланишларини, озгина креативроқ бўлишларини сўраган бўлардим. Ахир Сиз мамлакат аҳолиси бугун нонуштага нима ейишидан тортиб, қандай яшаши кераклигини ҳам уқтиришга қодирсиз…

 

Шерзод ҚУДРАТХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети ректори.