Арлем ДЕЗЛЕР: «Ўзбекистонда ОАВнинг жамиятдаги нуфузи ортиб бормоқда»

2019-08-12T11:49:18+00:0018 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

Марказий Осиё давлатларининг оммавий ахборот воситалари қанчалик мустақил ва эркин?

Мазкур давлатларнинг матбуот ходимлари бугунги рақамли трансформациялар даврида қандай муаммоларга дуч келмоқда?

Ҳукумат ва журналистлар ўртасидаги муносабатлар қай даражада?

Блокланган сайтлар, тазйиққа учраган журналистлар кўплаб давлатларда, борингки, Европада ҳам учраб турибди. Бугун Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё оммавий ахборот воситаларининг 21-минтақавий “Рақамли трансформациялар шароитида оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги” номли халқаро конференция айнан шу масалаларга бағишланди.

Конференцияда Марказий Осиёнинг беш давлати ҳамда Монголиядан мустақил журналистлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда. Ўзбекистондан ҳам бир гуруҳ журналистлар минтақавий конференцияда маърузачи ва тингловчилар қаторида қатнашмоқдалар.

 

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ўтказилаётган конференция Марказий Осиё журналистларини бир жойга жамлади.

 

Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатдаги матбуот эркинлиги, журналист билан ҳукумат вакиллари ўртасида ўтган суд ишлари, матбуот эркинлигига оид қонун ҳужжатлари ҳақида фикр алмашдилар.

Хусусан, Конференцияда қатнашаётган Қозоғистоннинг ҳуқуқий медиа-маркази директори Гульмира Биржанованинг фикрича мазкур давлатда ҳам ахборот сайтларининг блокланиши кузатилади “Ахборот сайтларини блоклаш суд қарорисиз ҳам амалга оширилмоқда. Сайтларни блоклаш бўйича аниқ ҳуқуқий меъёрлар ҳозиргача ишлаб чиқилган эмас”, дейди Гульмира Биржанова.

 

Тожикистоннинг “Азия-плюс” медиа-жамоаси директори Зебо Тажибаеванинг сўзларига кўра, мамлакатда журналистнинг касбий фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилиш бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик бўлишига қарамасдан бу борада биронта суд ишлари кузатилмаган. Қозоғистонлик ҳамкасблар айни муаммо уларда ҳам кузатилишини айтиб ўтдилар.

 

Қирғизистон сўнгги йилларда матбуот очиқлиги индекси бўйича 83 ўринда ва бу кўрсаткич баъзи Европа давлатларидан ҳам юқори натижа эканлиги тилга олинди. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотнинг оммавий ахборот воситаларида эркинлик масалалари бўйича вакили Арлем Дезир тадбирдан ташқарида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича ўз муносабатини билдирди.

Арлем Дезлернинг сўзларига кўра, халқаро жамоатчилик Ўзбекистонда сўнгги вақтларда ОАВнинг жамиятда нуфузи ортиб бораётганини, сўз ва фикр эркинлиги қадрланаётганини кузатиб бормоқда. Шунингдек, мамлакатда бир қатор сайтлар очилгани ҳам ижобий ҳолатдир. Айни пайтда эса Ўзбекистон расмийлари билан “Озодлик” ва “Озод Европа” интернет сайтлари бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Анора СОДИҚОВА.

Манба:ЎзА