Ҳар лаҳзада мазмун бор

2019-04-12T09:34:59+00:0012 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар|

Бу гапларга ҳаш-паш дегунча 43 йил бўлибди.  Биз энди журналистика оламига қадам қўйган пайтларимиз “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) газетаси таҳририятида  ҳафталик летучка бўляпти. Камина шарҳловчи сифатида газетада босилиб чиққан Андижон вилояти мухбири Абдумуталиб Абдуллаевнинг очерки ҳақида сўз юритяпман: “Ушбу очерк шу қадар пухта ёзилганки, уни тайёрлаш жараёнида битта ҳам нуқта-вергулига қўл теккизмадик”.

Йиғилиш тугагандан сўнг таҳририятнинг тажрибали журналистларидан бири Зиёвуддин ака Орипов менга танбеҳ берди:

— Сиз бу гапни бир айтдингиз, бошқа гапирманг.

— Нега, кўнглимдаги гапни айтувдим…

— Агар битта ҳам нуқта-вергулига қўл теккизмасангиз, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?

Ўйлаб қолдим. Биздан кўра ҳаётни кўп кўрган, суяги шу соҳада қотган инсоннинг эътирозини қабул қилдим. Лекин барибир Абдумуталиб Абдуллаевнинг кейинги мақолаларидан ҳам олам-олам завқ олардим. Шу орада журналистнинг “Шапка”нинг эгаси ким?” деган мақоласи чиқди. Ўша давр­га хос бўлган иллат­ — ноёб товарларга “шапка” қўйиб сотиш ҳақида аниқ манзилли чиқиш анча шов-шувга сабаб бўлди. Абдумуталиб Абдуллаев машҳур бўлиб кетди. Яна бир-икки йил ўтгач, мухбиримиз Андижон вилоят  обкомига ишга ўтди.

— Табриклаймиз, кўтарилибсиз, — дедим кўришганимизда.

— Асло кўтарилганим йўқ. Мен учун газетада ишлаш зав­қи бўлакча. Устозим Собир Шокаримовнинг таклифига йўқ деёлмадим. Журналистнинг обрўйи вилоятимизда юқори саналади. Яқинда вилоят миқёсида катта тантанали тадбир бўлганда вилоят мухбирларига  алоҳида таклифнома берилди. Биз чеккада қолдик. Барибир  ижодий иш ижодий-да.

Шундай қилиб, Абдумуталиб Абдуллаев ўз ақидасига содиқ қолди. Бошқа нашрларнинг  мухбирлигидан ташқари, турли йилларда икки марта вилоят газетасида бош муҳаррирлик лавозимида ишлади. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвонига сазовор бўлди. 2006 йилда “Олтин қалам” халқаро танловининг “Миллий матбуотга қўшган самарали ҳиссаси учун” номинациясининг илк совриндори бўлди.

— Абдумуталиб ака вилоят газетасида бош муҳаррирлик қилган пайтлари хизмат сафари билан Андижонга борганда, албатта, у кишининг  ҳузурига кирардим, — дейди журналист Дилмурод Қирғизбоев. — У киши режамиз ҳақида қизиқиб, тўғри маслаҳат берарди. Вилоятдаги вазиятни кафтдагидек аниқ кўриб турарди.
Ҳамкасбларга кўмак бериш орқали мақсад сари ҳаракатга  суръат бахш этарди.

Публицистик мақолалар, очерклар кетма-кет тўплам шаклида китоб бўлиб чиқа бошлади. Дастлаб “Кўнгил тинчирмиди?”, “Муҳаббатдан сўз очма менга” сарлавҳали китоблар маънавий-маърифий мавзуларда ёзилган бўлса, кейинроқ “Сийратга сайр”, “Дунёнинг калити”, “Алуштанинг эртаги”, “Ишққа даво йўқ” китоблари ижодкор сўзининг йиллар мобайнида такомилга етишини кўрсатди. Журналист  ҳаётнинг турфа хил манзараларини қаламга олар экан, йирик жанрларга  ҳам мурожаат этди. Чунончи, “Умрки, бир синоат” ҳужжатли қиссаси тиббиёт соҳасидаги фидоий замондошимиз интилишларини ёритса, “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган “Қақнус” сарлавҳали китоби инсон эътиқодининг эзгу мевалари ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, “Йигит йиғламасин”, “Муҳаббат мактублари”, “Андижоннома” муто­йибалари” каби китоблар ҳам  китобхонларга манзур бўлди.

Меҳнат фаолияти давомида кўплаб ёшларга устозлик қилди. Унинг устоз-шогирдлик масаласида ўз қарашлари бор.

— Агар наққош ўз шогирдига маҳорат сирларини ўргатмоқчи бўлса, шахсан мулоқотда бўлиши, илк дақиқадан ноёб буюмлар ясашгача кўрсатиши керак. Бизнинг соҳада қандай? Қоғозга қаламни қандай юритиш кераклигини кўрсатмаймиз-ку. Мен ўзим ихлос қўйган устозларимни ҳаётда кўрмаган бўлишим мумкин, шогирд сифатида уларнинг асарларини синчиклаб кузатиш орқали ёзишни ўрганиб келганман. Ижоднинг илоҳийлиги шундан.

Агар шундай мезон билан ёндашадиган бўлсак, Абдумуталиб Абдуллаев ярим асрлик ижодий фаолияти давомида қанчалар ёш қаламкашларга намуна бўладиган асарлар яратди.

Қаҳрамонимиз қайсидир йили вилоятнинг чекка худудларидан бирида кичик бир жанжалнинг устидан чиқади. Нима гап, деб қизиқса, оддий бир одам хўжалик раҳбари адолатсизлигидан норози бўлиб турган экан.

— Устингиздан шикоят ёзаман-да, Андижонга, тўғри  Абдумуталиб Абдуллаевга арз қиламан.

— Сиз у одамни танийсизми? — сўрашди арзчидан.

— Йўқ, кўришмаганмиз, лекин ёзган мақолаларидан ниҳоятда ҳақиқатпарвар одамлиги кўриниб туради.

— Ахир, манови одам сиз айт­ган Абдуллаевнинг ўзи-ку…..

Ул одам бу ерга келган меҳмонга қараб:

— Йўғ-э,  бу кишининг гавдаси ушоққина-ку, мен билган Абдуллаев басавлат, баланд бўйли бўлиши керак.

Абдумуталиб Абдуллаев масалани жойида ўрганиб, адолатни тиклашга ёрдам берди. Бу ҳақда таҳририятга шикоят ёзишга ҳожат қолмади.

— Ижодда маҳоратни ҳар ким ўзича кашф қилади, — дейди суҳбатдошимиз. — Халқнинг қалбига ёқадиган қилиб ёзиш кераклиги ҳақида  кўп айтишади. Бунинг учун халқ билан ҳамнафас бўлиш керак. Яқинда Хўжаободдан Андижонга қатнайдиган автобусга ўтирдим. Одамлар суҳбатига қулоқ тутсам, нақд ҳаётнинг ўзи намоён бўлади. Бир киши шеригига айтяпти: “Беш қўлини, ҳатто ўн қўлини оғзига тиққан  одамда инсоф нима қилади. Биттаси ўн қўлига қаноат қилмай, оёғини ҳам тиққанида мувозанатини йўқотиб, ағанаб тушди”.  Шундай маъноли сўзлар фақат халқ­дан  чиқади.

— Халқимизнинг матбуотга эътиқоди юксак, — дейди у. — Ана шу ишончни оқлаш учун элнинг дилидаги гапларни  ёзишимиз керак. Қўлга қалам олиб, қоғозни қоралар эканман, бу сўзларга оддий одамлар ишонадими, йўқми,  деб ўйлайман.

— Бу йилги нашрларга обуна қилишда мураккабликлар учради. Бу ҳақда қандай фикр­дасиз? — деб сўраймиз ҳамкасбимиздан.

— Билмадим, мажбурий обуна керак эмас, деганлар ихтиёрий обунани ҳам йўқотдилар. Қаранг, мажбурий таълим бор. Нега обунани тарғиб қилиш мумкин эмас. Аслида, матбуот дегани тарғибот дегани-ку?

Ҳар бир ижодкорнинг танлаган мавзуи, доимий эътиборидан келиб чиқиб, ижодий тамо­йили бўлади. Абдумуталиб Абдуллаев қаламидан яралган сатрларни кузатсангиз, Ватан мавзуси алоҳида диққатингизни жалб этади. Публицистик чиқишларида Ватанга муҳаббат туйғуси ёрқин акс этади. Нафақат Ватан номини улуғлаб эл ичра машҳ­ур бўлган шахслар, балки Ватандан айро тушиб, туғилган тупроғига зор-интизор яшаётган одамлар кечмишини ёритишда ҳам ўша ақида ажиб маъно беради. Ижодкорнинг “Тўйми ёки томоша” ва “Андижонда нега ажралишлар кўп?” сарлавҳали мақолалари  айрим мутасаддиларни  безовта қилса-да, газетхонлар томонидан қизғин кутиб олинди.

Етмиш ёш инсон ҳаётида босиб ўтган йўлга назар ташлаш палласи. Агар Абдумуталиб Абдуллаев ўз ижодий йўлини кўз олдига келтирса, заррача хижолатда қолмайди. Бунга ижодкорнинг меҳр билан яратган образлари, китоб­ларда битилган  сиймоларнинг прототиплари гувоҳ бўлади. Ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан маъно-мазмун излаётган ҳамкасбимизга куч-ғайрат, ижодий парвозлар тилаймиз.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Суратда: Абдумуталиб Абдуллаев (ўнгда) ҳамкасблари даврасида.

Шарҳ қолдириш