Ҳар қадамда ҳурмат-эҳтиром

2019-08-12T11:52:38+00:006 May, 2019|Умумий янгиликлар|

Тарихий хотира билан яшаш, кексаларни қадрлаш асл миллий қадриятларимиздан бири сифатида эътироф этилади. Ҳар йили мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиши ҳам шундан далолат беради.

Бу санада ўтганлар ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват кўрсатилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар, мукофотлар улашилади. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида   9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир ва маросимлари ўтказилмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги  Фармони    фахрийларга  бўлган чексиз ҳурмат-эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликдан   яна бир далолатдир. Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ бу йил ҳам кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон ижодкорларни қўллаб-қувватлаш  «Илҳом» жамоат фонди томонидан  бир гуруҳ фахрий журналистлар учун байрам  дастурхони ёзилиб, 40 нафар фахрий журналистга пул мукофотлари ва совғалар топширилди. Тадбирда ижодкор нуронийлар бугунги тинч-осойишта ҳамда фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, давлатимиз раҳбари томонидан қалам аҳлига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдиришди.  Байрам дастурхони атрофида дуога қўл очган отахону онахонлар юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларимизга файз-барака, фарзандларимизга бахту иқбол тиладилар.

—Уруш қатнашчиси ҳамда меҳнат фахрийси сифатида бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан мамнунман. Ҳар йили ушбу байрам арафасида уюшмамиз бизни бир дастурхон атрофига тўплайди, — дейди фахрий журналист Георгий Любимов.— Бугунги тадбирда ўзим билан бирга ишлаган фахрийлар билан дийдорлашиб, гурунглашдик. Очиғи, бундай эъзоз-эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.  Кексаларини қадрлаган эл-юрт ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай тинч-тотув кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Шунинг учун тинчликни қадрлаш катта-ю кичикнинг бурчидир. Яратганга шукр, гўзал замонда яшаяпмиз. Айниқса, ёшларимизнинг қўлга киритаётган ютуқларини кўриб, чин дилдан севинаман.

— Ёшим тўқсон саккизда бўлса-да, ҳали бардамман. Мақола ёзишдан, ижоддан тўхтаганим йўқ,— дейди Фарида Усмонова.— Мен журналистларнинг ҳақ сўзни айтадиган кунлари келди деб айта оламан. Яъни сўнги уч йилда оммавий ахборот воситаларининг эркин ижод қилиши бўйича жуда кўп ишлар амалга оширилди. Буни, албатта эътироф этиш керак. Биз, фахрийларга кўрсатилган ғамхўрликдан жуда хурсандмиз. Байрам кунлари хонадонимиз ёшлар, шогирдларим билан тўлиб кетади. Йўқловчилар, ҳол сўровчилар кўп. Бундай эътиборни кўриб, журналистика касбини танлаганим, умрим зое кетмаганига шукр қиламан. Ҳар қадамда ғамхўрлик, ҳурмат-эътибор, иззат-икромни ҳис қилиб яшаяпмиз. Бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки Ватанимиз озодлиги, мустақиллигимиз йўлида курашган барча юртдошларимиз, меҳнат фахрийлари ёдга олинмоқда. Зеро, уларнинг пок руҳларини шод этиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Юртимиз янада гуллаб-яшнасин, тинчлигимизга кўз тегмасин.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда.

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ