Андижонда «ҳуқуқий билимлар куни» ўтказилди

2019-10-16T10:54:55+00:0016 Oktabr, 2019|Андижон вил.|

Андижон шаҳридаги Ўзбегим савдо мажмуаси атрофида Адлия ҳамда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида “Ҳуқуқий билимлар куни” шиори остида тадбир ўтказилди.

Аҳолининг ҳуқуқий билимини баҳолаш ва рағбатлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, шунингдек қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда таълим муассасаларинмнг уч юздан ортиқ ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбир доирасида уларга ҳудудий адлия органлари, нотариуслар ва адвокатлар, давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди.

Шунингдек, аҳоли билиши лозим бўлган уй-жой, оила, солиқ, банк, тадбиркорлик, ер, меҳнат ва таълим қонунчилигига оид, ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ муносабатлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги асосий ҳуқуқий масала ва тушунчаларни ўзида жамлаган қўлланма, буклет ва флаерлар бепул тарқатилди.

Тадбир давомида ёшларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга рағбатлантириш учун турли танлов-тестлар, викториналар, ҳуқуқий тарғиботга доир бошқа акциялар ва турли танловлар ташкил этилди.

Ҳуқуқий тестларга тўғри жавоб берганлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.