Андишанинг оти нима?

2019-12-04T05:36:04+00:004 Dekabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Қўшнининг томорқасига сув бизникидан ўтади. У томорқа суғорса, хавотиримиз ортади. Сабаби, унинг ери бироз баландроқ. Шундан унинг томорқаси сув ичгунча, бизники кўллаб кетади.

Айниқса, охирги сафар ёмон бўлди. Қўшнимиз ариқни беркитишни унутган чоғи, эрталаб қарасак, торморқамиз шолипояга айланибди. Уч-тўрт кун олдин экилган помидору булғор қалампирлари сув ўтларидек чайқалиб турарди.

Ўзимни тутиб туролмадим:

— Ахир қачонгача давом этади бу?

Шахт билан қўшнимизникига чиқиб кетаётган эдим, отам тўхтатди:

— Қўй, болам, девор-дармиён қўшни бўлсак, орага совуқчилик тушмасин. Янаям, айб ўзимизда. Икки мошин тупроқ тўксак, ҳеч нарса бўлмасди. Сув бир-икки кунда тортиб кетади. Кўчатларни бошқатдан экамиз.

— Нега энди айб бизда бўларкан? Томорқасига бошқа ариқ очсин.

— Шаҳарда яшаб, андишани унутиб қўйибсан, чоғи. Битта ариқни деб кўздек қўшничиликка путур етказмоқчимисан? Одамлар нима дейди?

Отамнинг авзойини кўриб, шаштимдан тушдим. Лекин «шаҳарда яшаб, андишани унутиб қўйибсан» деган гапи миямга ўрнашиб қолди. Наҳотки, шундай бўлса? Рост, пойтахтда яшаётганимга бир неча йил бўлди, аммо андишасизлик кўчасига кирмадим. Гоҳида сотувчи арзимас қайтимни бермаганида, андишага бориб баъзиларга ўхшаб, тийин-тийинигача қайтаришни талаб қилмайман. Ижара уйнинг эгаси тез-тез ижара ҳақини ошириб турганида ҳам, андишага бориб талашиб-тортишмайман. Қўшним кунда-кунора телефондан фойдаланиб, «межгород»нинг пулини отнинг калласидек қилиб кетади-ю, мен андишага бориб ўзим тўлаб кела қоламан.

Унда отам нега бундай деди? Наҳотки, ўзгарган бўлсам? Одамнинг ўзига билинмаса керак-да.

* * *

Эрталаб ишга кетаётсам, пастки қаватда яшовчи бир қария тўхтатиб:

— Журналистсан-а? — деди тўсатдан.

— Ҳа, нима эди? — сўрадим ажабланиб.

— Унда эшит, ё замон ўзгарди, ё одамлар бошқача бўлиб кетди. Ҳув анави, биринчи подъездда кекса бир кампир яшайди. Бир ой олдин чоли бандаликни бажо келтирди. Куни кеча кампирим ҳол сўраб кирса, бетоб ётганмиш. Сабаби, уч кун бурун судга чақириқ қоғози ташлаб кетишибди.

Бу қария нима демоқчилигини англолмай, соатимга қараб қўйдим.

— Шошма, борасан ўша ишингга. Дунёда оқибат қолмабди. Тўғри, ҳозир бироз қийинчилик бўлаётгандир, аммо биз кўрган оғир кунлар олдида булар ҳеч гап эмас. Ҳей, одам боласининг бу қадар паст кетишини биринчи марта кўришим.

Нима демоқчи ўзи бу чол. Нега бу гапларни менга айтяпти?

— Кечирасиз, шошиб турувдим…

— Тўхта, ишинг қолиб кетмайди. Қари бир кампирни нега судга чақиришади, биласанми? Билмасанг, билиб қўй. Уни ўғли судга берганмиш. Бу кўрнамак бир йил олдин аллақандай аёлга илакишиб, икки боласи билан хотинини ташлаб кетганди. Шу чоққача қорасини кўрсатгани йўқ. Отаси ўлган куннинг эртасига йиғлаб-сиқтаб келиб қолди. Лекин кампир уйга киритмади. Сенга айтсам, уй чолнинг номида эди. Кампир шу уйни келинига расмийлаштирмоқчи. Номард ўғил бундан хабар топиб, бир ҳафта олдин келиб жанжал қилиб кетди. Ёлғиз меросхўр эмиш. Кампир бир амаллаб қувиб солибди. Нобакор ўғил эса судга бераман, барибир, уй менга қолади, дея чиқиб кетибди.

Ҳой, сен менга айт, қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Ўғил ўз туққан онасини судга бериб ўтирса-я! Уят, ор-номус, андиша дегани қолдими ўзи? Отасининг гўрига бир сиқим тупроқ ташлашга ярамаган аблаҳ қайси юз билан мерос талашади, тушунмайман. Бу кунидан ўлгани яхшимасми? Сен шуни ёз, савобга қоласан. Энди бор, боравер. Юрагим ўйнаб кетяпти.

Турган жойимда тарашадек қотиб қолдим…

 * * *

Алҳол, давлат идорасида ишлайдиган танишимнинг машинасига чиқиб қолдим. Суҳбат асносида маошимни сўраб қолди. Айтдим.

— Ўҳў, мендан икки баробар кўп оларкансан. Бизники бензинга ҳам етмайди.

Тушунмадим. Бу кишим маоши камлигидан нолияптими ёки…

Тўғриси, бировни ғийбат қилганни ёқтирмайман. Замон тадбиркорники, ишбилармонники. Ақлини ишлатиб, пулни пулга уриштириб даромад топаётган, шунга яраша данғиллама иморат солиб, алламбало машина минаётганлар қандини урсин. Аммо бу кишим на тадбиркор эмас: бир курсининг эгаси, холос. Бироқ йилда бир машина алмаштиради, ҳовлисида кунда-кунора қориндор «акахон»ларини йиғиб зиёфат беради. Шу танишимнинг қўл остида ишловчи қўшним бир йилдан буён кичик ўғлига уч ғилдиракли велосипед олиб беролмайди-ю, бу жаноб эркатой қизининг туғилган кунига «Спарк» совға қилиб турса, одамга алам қиларкан.

Раҳбарлик курсисига ўтириб олиб, ўзидан ўзгани ўйламайдиган, сиркаси сув кўтармайдиган бундай корчалонларга деярли ҳар куни дуч келамиз. Фақат ҳеч ким лом-мим демайди. Чунки у қайси биримизнинг қўшнимиз, бошқа бировнинг маҳалладоши. Андишага борамиз-да.

 * * *

Ажойиб табиатли халқмиз. Чиройли урф-одатларимиз бор. Ва ниҳоят, ҳайрон қоларли даражада андишали одамлармиз. Бизда бу одат миллийлик даражасидаги оддий ҳолат каби қабул қилинади.

Фақат яхшини яхши, ёмонни ёмон дейишга ҳам ўрганишимиз керакка ўхшайди…

 * * *

Куни кеча уйга қўнғироқ қилгандим. Уйдагиларнинг айтишича, қўшнимизнинг ўғли томорқамизга икки машина тупроқ тўкиб кетибди…

Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ.

Манба: «Postda.uz»