«Ҳамма қўшнилар билан биз дўст бўламиз»

2019-12-02T06:32:55+00:002 Dekabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Дунёда кечаётган сиёсий ва иқтисодий жараёнларга кўз ташласак, зиддият ва урушларнинг кўпчилиги қўшниларнинг ўзаро ноаҳиллиги туфайли келиб чиққанига амин бўламиз. Айниқса, Осиё ва Африкадаги, Яқин Шарқ ва Форс кўрфазидаги биродаркушлик урушлари ортида ҳам «мен сендан устунман» деган маънодаги такаббурлик ётади. Тан олиш керак, яқин пайтларгача Марказий Осиёдаги мамлакатлар ўртасида ҳам кўринмас «девор»лар бор эди.

2016 йил сентябрь ойидан эътиборан Ўзбекистон ташқи сиёсатида туб бурилиш ясалди. Аслида ўзгариш эмас, қоғозлардаги ўзаро дўстлик ҳақидаги «афсона»лар ҳаётга кўчди. Марказий Осиёдаги етакчи давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон, биринчи навбатда, асосий эътиборни қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш ва мустаҳкамлашга қаратишини эълон қилди. Орадан кўп вақт ўтгани йўқ, минтақа давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли бугун дунё ҳамжамияти Марказий Осиёда рўй бераётган тарихий жараёнларга гувоҳ бўлмоқда. Чегаралар очилиши, деворлар қулаши, сим тўсиқлар ўрнини «дўстлик дарвозалари» эгаллаши шулар жумласидан. Бир сўз билан айтганда, аҳил қўшничилик, маданий дипломатия сиёсати бугунги кунда Марказий Осиё минтақасининг ташриф қоғозига айланиб бормоқда.

Дўстлик ҳамиша фаровонликка элтган

Минтақадаги барча мамлакатларнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммолари ечими фақат дўстлик, ҳамжиҳатлик ва халқаро муаммоларга ягона позицияда ёндашувга боғлиқ. Халқимиз бежиз айтмаган: «Бўлинганни бўри ер». Президент Шавкат Мирзиёев ҳам эътироф этганди: «Ҳамма қўшнилар билан биз дўст бўламиз. Бошқа ниятимиз ҳам йўқ. Албатта, кўп-кўп муаммолар бор, лекин одамзот шунинг учун, раҳбарият шунинг учун бор-ки, бу муаммоларни ақл билан, ирода билан, вазминлик билан ечиш керак… Ҳар бир давлатни ўзини нияти, ўзини халқи, ўзини истаклари бор. Шунинг учун биз дўстлик нуқтаи назаридан, самимийлик нуқтаи назаридан, биродарлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан фақат дўст, дўст ва яна бир марта дўст бўламиз».

Биз инсонлар қўшнини танлай олмаймиз. Уни Яратганнинг ўзи ато этади. Қўшнилар билан дўстона муносабатлар ҳамиша юртни обод ва фаровонликка элтган. Шу маънода, кейинги пайтларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида қардошлик муносабатларининг мустаҳкамланаётгани кишини қувонтиради. Қўшниларимиз билан эмин-эркин борди-келди йўлга қўйилса, тараққиёт ҳам шунга яраша бўлади. Ўша кунлар келди.

Айтиш керакки, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Кейинги пайтларда чегаралар демаркацияси, ҳаво қатновларини йўлга қўйиш, ўзаро борди-келдиларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш масалаларида музокараларнинг йўлга қўйилгани ва изчил давом этаётгани барчани бирдек қувонтирмоқда.

2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви ҳам муносабатларни янада яқинлаштириш ишига хизмат қилади. Саммит кун тартибидан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Маълумки, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Самарали ҳамкорлик тинчлик ва барқарорликни таъминлайди

Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари ортида, шубҳасиз, энг аввало, ҳамкорлик орқали тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсади ётганини унутмаслик керак. Зеро, жаҳонда рўй бераётган глобал жараёнлар бизнинг минтақадаги вазиятга ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Марказий Осиё ноёб геостратегик жойни эгаллаган ҳолда, минг йиллар давомида Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлаб турувчи ўзига хос кўприк бўлган. Минтақамиз улкан энергетик ҳамда минерал ресурслар, маданий-цивилизациявий ва энг муҳими — инсон салоҳиятига эга. Шу билан бир қаторда, Марказий Осиёда етакчи глобал давлатларнинг ўзаро рақобатли манфаатлари кесишади.

Минтақада халқаро терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдиди мавжуд, у бевосита беқарорликнинг йирик ўчоғи яқинида жойлашган. Ўнлаб йиллар давомида замонамизнинг энг мураккаб муаммоларидан бири — афғон можароси ҳал этилмай келяпти. Шу муносабат билан олдимизда долзарб саволлар турибди: бизнинг минтақа қай даражада барқарор ва аниқ келажакка эга? Бизни қандай умумий хавф-хатарлар кутмоқда?

Ушбу саволларга жавоблар асосий минтақавий муаммолар ҳамда Марказий Осиёдаги барча давлатлар тинчлиги ва гуллаб-яшнаши йўлида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқ белгилаб олиш учун ўта муҳимдир. Охирги пайтларда Марказий Осиё ривожланишнинг ижобий суръатларини намоён этяпти. Барча соҳада минтақавий ўзаро алоқалар кучаймоқда. Минтақа ичидаги энг ўткир муаммолар — хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланиш тизимли асосда ҳал қилиняпти.

Ўтган йили Қозоғистон пойтахтида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтганди. Минтақа давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари ва ташқи сиёсат идоралари бошлиқлари учрашувлари мунтазамлик характерини касб этяпти. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича резолюциянинг қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан бизнинг минтақа мамлакатлари жипслашуви, бинобарин, улар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан умумий муаммоларни ечиш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қодир экани тан олинаётганининг ёрқин тасдиғидир.

Бизнинг тарихимиз бир ва келажагимиз умумий

Ўзбекистоннинг минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорлиги стратегик шериклик хусусиятга эга бўлганини алоҳида қайд этиш даркор. Савдо-иқтисодий алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айланмаси 2018 йилда 50 фоиз ортди. Ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръатларидан минтақадаги барча мамлакатлар реал фойда оляпти. Минтақавий ҳамкорликнинг кучайиши, бу — объектив, барқарор ва ортга қайтмас тенденциядир. У минтақадаги барча давлатларнинг қатъий иродаси ҳамда чуқур тарихий илдизларга асосланади.

Бугун Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда умумий долзарб бўлган муаммолар ҳал этилишини илгари сурган ҳолда, минтақавий ҳамкорлик равнақига ҳисса қўшмоқда. Марказий Осиёда яқинлашув жараёни кимнингдир манфаатларига қарши қаратилмаганини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Аксинча, минтақавий ҳамкорликка инвестиция киритиш Марказий Осиё барқарор ва гуллаб-яшнаётган минтақа, демак, ишончли ва аниқ келажакка эга халқаро шерик сифатида қад ростлашига кўмак бераётир.

Одамлар, капитал, товар ва хизматлар ҳаракатланиши, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашув учун қулай шароитлар яратилган, жипслашган, очиқ, жадал ривожланаётган Марказий Осиё минтақадаги барча давлатларнинг умумий манфаатларига жавоб беради. Шу сабабли Маслаҳат учрашувларида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича келишилган нуқтаи назарни ишлаб чиқиш мавзусига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хавфсизлик, савдо, транспорт, сувдан фойдаланиш, таълим ва бошқаларга доир долзарб масалалар бўйича самарали ишлаётган кўп томонлама шериклик механизмлари шулар жумласидан.

Марказий Осиё ҳамиша ягона ва бўлинмас минтақа бўлиб келган. Бизни умумий тарих ва дин, тиллар, урф-одатлар ва маънавий қадриятларнинг ўхшашлиги бирлаштириб туради. Бизнинг тарихимиз бир ва келажагимиз умумий. Кўп минг йиллик қардошлик ришталари ва халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини бундан буён ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаш муҳимдир. Имкониятларимиз ва интилишларимизни бирлаштириш ҳамкорлик ҳамда тараққиётни принципиал жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш имконини беради. Фақат биргаликдагина Марказий Осиёни мустаҳкам, барқарор ва иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаётган минтақага айлантира олиш мумкин.

Абдували САЙБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

Манба: «Маҳалла» газетаси