Қиловини топсанг, қор ҳам ёнади

2019-01-09T12:32:13+00:0017 Dekabr, 2018|Умумий янгиликлар|

Яратилган имконият ва билдирилган ишончдан самарали фойдаланайлик
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ғоят муҳим ўрин тутади.
Мен оммавий ахборот воситалари фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Лекин, афсуски, ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан газета, теле ва радиоканалларда танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда кам.Ваҳоланки, ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари халқ манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айланиши лозим. Бунинг учун улардан шижоат, профессионал маҳорат, холислик ва чуқур таҳлилий салоҳият талаб этилади».

Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги “Билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир” маърузасида билдирилган фикрларидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида кенг кўламли янгиланишлар жараёни амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда республикамиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда. Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва нуфузи кундан-кунга ошмоқда.
— Аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиб бориш демократик жамият барпо этишнинг муҳим шарти бўлган оммавий ахборот воситалари фаолиятининг бош мақсади ҳисобланади, —деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.— Бу маънода оммавий ахборот воситалари бугунги шиддатли янгиланишлар жараёнида қандай ўрин тутмоқда? Ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари газета ва журналлар саҳифалари, теле ва радиоканалларда қандай акс этмоқда? Афсуски, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ишидан давлатимиз раҳбари қониқаётгани йўқ. Берилаётган материаллар шунчаки юзаки ва рақамлар шарҳидан иборат бўлиб қолмоқда. Тўғри, танқидий-таҳлилий чиқишлар бор. Аммо улар жуда кам ва саёз. Танқидий материалларни ёзишда журналистларга нима етмаяпти? Тажрибами, билими ёки жасорат. Ҳар куни таҳриритяларга ўнлаб шиикоят хатлари келади. Ҳеч бўлмаганда ана шу хатлар бўйича танқидий-таҳлилий матералларни чоп этиш мумкинку. Агар таҳририятларга шикоят хатларини жойига бориб ўрганиш учун мухбирни юборишга моддий имконияти етмаса бу борада уюшма уларга ёрдам беришга тайёр. Яъни танқидий мақола тайёрлаш учун бараётган ходимнинг сарф-харажатларни қоплаб берамиз. Бу борада таклифларингиз бўлса бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Шунингдек уюшма томонидан юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган ғовларни олдини олишга қаратилган энг яхши танқидий-таҳлилий мақолаларни жамлаб китоб чоп этишни ҳам режалаштиряпмиз.
Анжуманда телерадиоканаллар, газета-журналлар, интернет-нашрларнинг фаолияти таҳлил этилди, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритилди. Эътироф этилганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти, мақсад-вазифалари, уларнинг ижроси, жойларда ислоҳотлар йўлида тўғаноқ бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақидаги таҳлилий ва танқидий материаллар камлигига таъкидланди.

—Президентимиз ОАВ фаолияти ҳақида уч маротаба танқидий фикр билдирдилар, —дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов.— Матбоут бугунги даврдан, ислоҳотлардан орқада қолаяпти десак ҳам нотўғри бўлмайди. Аксарият газеталар расмий хабарларни беришдан нарига ўтмайди. Тўғри, асосий газеталар чиқаётган расмий ҳужжатларни чоп этиши керак. Қолганларчи, улар нимага танқидий-таҳлилий мақолаларни бермаяпти? Собиқ совет даврида газеталарда албатта битта феълетон чиқиши шарт эди, ўша газеталар бугун чиқаяпти. Ўша талаб ҳозир ҳам бор. Лекин натижа йўқ. Газетада халқ манфаатини ҳимоя қиладиган чиқишлар бўлмагандан кейин, обуна ҳам шунга яраша бўлади. Қачонгача биз обунани давлат қилиб берсин деб қараб турамиз. Бундан кўра газеталарга бор ҳақиқатни ёзиб, танқидий мақолаларни қалаштириб ташламайсизларми? Бу борада ҳеч қандай тўсиқ йўқ-ку. Президентимиз маърузаларида матбуот жамотчилик назаратини олиб бориши керак дедидар. Аслини олганда матбуот ҳақиқий маънода тўртинчи ҳокимиятга айлана олганида жамоатчилик назорати каби ташкилотларга ўрин қолмас эди. Афсуски биз ўз ишимизни қойиллатиб бажара олмаганимиздан кейин халқ дардини тинглайдиган ташкилотлар очиляпти. Уларда эса минглаб одамлар матбуотнинг ишини қилаяпти.
Оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида фаол бўлиши, давлат бошқарувида бевосита ёки билвосита иштирок этиши фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим негизи ҳисобланади. Тадбир иштирокчилари аҳоли мурожаатлари асосидаги танқидий-таҳлилий материаллар сифатини ошириш мамлакатда жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим омил экани, халқ манфаатларига хизмат қилишига эътибор қаратдилар.
—Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишланган тантанада Президентимиз маърузасини катта қизиқиш билан тингладим. Айниқса, маърузада оммавий ахборот воситалари ҳақидаги танқидий фикрлари менга жуда маъқул келди, —деди, Фахрий журналист Хуршид Дўстмуҳаммад. — Мени ташвишга солаётган масала, шўро даврида матбуотчилар ўз вазифамизни жуда яхши билар эдик. Нега бугун буни эсдан чиқариб қўйдик. Топаётган баҳоналаримизнинг ҳаммаси ясама. Қаловини топсак қор ҳам ёнади. Ҳужжатлар билан асослаб таҳлил қилиб ёзсак, ҳеч қандай гап сўзга ўрин қолмайди. Биз ўзимизни ўзимиз бошқаришга ўргана олмаяпмиз. Кимларнингдир оғзига қараб қолганмиз. Тепадан қачон буйруқ берса ўшанда бир иккита номига танқидий ҳисобланадиган мақолани берамиз холос. Ахир сиз чоп этаётган газетага қонча қоғоз кетаяпти, ҳеч чамалаб кўрасизларми? Шунча қоғоз, газета уволку. Яна бир масала одамларнинг узоқ қишлоқлардан пойтахтга нажот истаб келаётгани ҳам оммвий ахборот воситалари учун уят. Жойларда минглаб муаммолар бор. Газеталар эса ҳар куни тўлиб чиқаяпти. Биттасида ана шу мавзуларга бағишланган мақола йўқ. Бу муаммоларни жамоатчилик назаратига ким ташлайди. Матбуот эмасми? Айтилган фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, давлатимиз раҳбарининг ҳақиқий ёрдамчисига айланайлик. Имконият ва ишончдан фойдаланайлик.
Давра суҳбатида таҳририятлар фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар, хусусан, замонавий билим-кўникмаларга эга бўлган, креатив ёш кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди, журналист кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртларида бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда йирик медиа тузилмалар, ОАВ раҳбарлари ва етакчи журналистлар, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этишди.
Билдирилган фикр ва таклифлар бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Жобир Хўжақулов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
етакчи мутахассиси

Шарҳ қолдириш