Қалбдаги жавоҳир

2019-07-14T04:44:01+00:0029 Mart, 2019|Ҳафта мақоласи|

Халқимизда бегона юртнинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унинг мозорини-ю бозорини бориб кўр, деган ҳикмат бор. Бу гал бизни борган манзилимизнинг  фақат мозоригина қизиқтирди, холос. Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги “Юртим жамоли” маҳалласида жойлашган “Биби Робия” қабристонига бордик.

Марҳумлар мангу қўним топган бу манзил қачон пайдо бўлгани ва нега бундай аталишига қизиқдим. Тарихчи ва шоир Юсуф Вализода Дарбандий яна бир ҳамроҳимиз, онасининг қабри бошида маҳзун турган Тўфа Боймуродовага ишора қилиб, мен билмоқчи бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

Қабристоннинг пайдо бўлиши ва айни ном билан аталиши тарихи қизиқ, ҳам ғуссалироқ экан. Тарих деганда олис тарихни тушунманг, айни шу ўн йилликнинг бошидан марҳумларга қўнимгоҳ бўлган экан бу ер.

…Тақдир тақозоси билан 1950 йилларда Бойсун туманидаги тоғли Дарбанд қишлоғи аҳолисининг бир қисми Музработ (илгариги Шеробод) туманига кўчириб келинади. Пахта, дон етиштириш, қўриқ ерларни ўзлаштириш каби қишлоқ хўжалигининг энг оғир тармоқларида қишлоқ аҳли елкама-елка туриб меҳнат қилган. Дарбандликлар кўчманчилар эмас, балки шу манзил фуқаролари, шу туман фидойилари каби шу гўша бағрига сингиб кетган. Байрамлар, тўй-маросимлар, халқ сайилларини ҳамжиҳатликда, шодиёналикда ўтказиб келишади. Фақат бир масалада уларнинг кекса авлоди қатъий туриб олган. Ўз қавмидан ким ҳаётдан ўтмасин, кексами, ёшми, ҳатто чақалоқларни ҳам Бойсундаги дарбандликлар хилхонасига олиб бориб дафн этишган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг борди-келдиси билан уч юз километр келадиган йўл босишнинг ўзи бўладими!

Ўлим ҳақ. Ўлим об-ҳаво, вақт танламайди. Қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазирама чилласи дейсизми, эшак аравада, от-уловда, йиллар ўтиб ихчамроқ юк машиналарда маййит бир амаллаб манзилига етказиб борилган. Йўлда машиналар бузилиб қолган, ҳалокатга учраган пайтлари ҳам бўлган. Бу кўргиликлар нақ 61 йил давом этган.

Ҳаётда анъаналар билан янгиликлар орасида ҳамиша кураш бўлган. Умрбод риоя қилиб келинган одатий нарсалардан воз кечишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Лекин ҳар бир нарса эскирганда янгиланиш зарурати туғилади. Урф-одатларни, турли ақидаю маросимларни яратувчилар ҳам, уни янгиловчи, ўзгартирувчи ҳам одамларнинг ўзлари. Яшаш тарзини қийинлаштираётган, одамларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан мушкул аҳволга солаётган ақидалардан воз кечишни давр талаб этиб турса, нега бу янгиликка амал қилмаслик керак? Бундоқ қараганда, Музработ ҳам, Бойсун ҳам бир воҳа – она Сурхон тупроғи-ку!

— Ўйлаб ўйимга етолмадим, — дейди Юсуф Вализода Дарбандий, — ниҳоят ўша пайтдаги Музработ тумани ҳокими Шамсиддин Орипов қабулига маслаҳатга кирдим. Дарбандликлар учун Музработда алоҳида қабрис­тон учун жой ажратиб берилса, балки бу муаммо ўз ечимини топар, деган фикрни ўртага ташладим. Ҳоким мардлик қилди. 2010 йилнинг 10 февралида қабристон учун тумандаги заҳира ерлардан ўн ярим гектарни ажратиш ҳақида қарор чиқарди. Шунда ҳам вазият ўзгармади. Бу орада талай дарбандликлар оламдан ўтиб кетди. Аҳвол эса ўша-ўшалигича қолаверди… Қабристон бор, қабр йўқ!

Оға-инидек яқин бўлиб кетган икки дарбандлик дўст бир пиёла чой устида обдон ҳасратлашишибди. Ўзларини ўзлари койишибди. Юртдошларидан ёзғиришибди… Дўппиларини бошларидан олиб қўйиб, мушкулотдан қутилиш йўллари ҳақида ўйлашибди… Карим исмлиси бир таклифни ўртага ташлабди:

— Оналаримизнинг умрлари узоқ бўлсин, илоҳим! Лекин улар пишиб турибди… Биласанми, иним, агар онам ҳаётдан кўз юмсалар, у кишини дарбандликлар учун ажратилган қабристонга қўйганим бўлсин… Шу билан қабристон эшигини очсак, қавмимизни йўл азобидан қутқарган бўламиз.

— Яшанг оға, мен ҳам сиз тутган йўлни тутганим бўлсин… Икковлари аҳду паймон қилишиб, қўл ташлашибди.

Кўп ўтмай Каримжоннинг онаси Робия момо 78 ёшида оламдан ўтади. Дарбандга шум хабар кетади. Ўғил сўзидан қайтмайди. Қариндош-уруғлар орасида келишмовчилик бошланади. Тоғалар ва холалар бир тараф — маййитни Бойсунга олиб кетамиз, деган қатъий қарорда, Каримжонлар бир тараф…

Орага маҳалла оқсоқоллари, ҳокимият, ички ишлар вакиллари тушадилар. Улар маййитни дарбандликлар учун ажратилган қабристонга қўйишни айтиб, сарсонгарчиликлардан қайтарадилар. Маҳалла оқсоқолларидан бири — Эгам Шукуров ўртага чиқади. Маййитни куттириб қўйиш яхши эмаслигини, унинг Музработда дафн этилишини айтиб, қабристон номини унга қўйилган биринчи мар­ҳум номи билан “Биби Робия” деб атаймиз, дейди.

Маросим иштирокчиларининг нигоҳи марҳум фарзандлари, қариндош-уруғларига қаратилган, қишлоқ аҳли ниҳоятда беҳаловат эди…

Робия момонинг қизи Тўфа гоҳ акаси, гоҳ опасига ёшли кўзлари билан жовдирар, бу имо-ишораларда халқ­қа, улуғларга энди нима деб жавоб қиламиз, деган маъно бор эди… Мард­лик қилиб, оғзига сўз олган ва ҳамон ўз сўзида турган акаси Каримжон жудолик қайғусиданми, тили калимага келмасди… Нима қилсин? Муаммо ё бугун ёки ҳеч қачон ҳал бўлмайди. Ўал этилмаса, 61 йил давом этиб келаётган азоб яна 61 йил, балки ундан ҳам кўп, балки абадул-абад шу алфозда давом этиши ҳеч гап эмас. Акаси бошлаб берган мард­лик, жасорат унга куч беради. Тўфа шаҳд билан одамлар олдига қандай чиқиб келганини ўзи ҳам сезмай қолади. У оила номидан онаизорини Музработ қабристонига қўйилишига рози эканлигини, шу билан бу қишлоқдаги дарбандликларнинг оворагарчилиги барҳам топса, яхши иш бўлишини айтади.

Ҳаммани қийнаган масала ҳал бўлади. Дафн чоғида имом:

— Момомизнинг жойлари жаннатдан бўлсин! Илоҳим ислом дини тарихида ёруғ нур мисол чақнаб турган машҳур сўфий аёл, отдошлари бўлмиш биби Робия даражасида азиз қилсин. “Биби Робия” номи билан аталган бу маскан ўтганларга пар тўшак, жаннатдан дарак макони бўлсин! — дея дуо қилади.

Бир зумда одамлар уй-уйларига тар­қаб, қабристон ҳувиллагандан ҳувиллайди… Онаизори қабрига бағрини бериб, дод солиб ётган Тўфа бошини кўтарганда оқшом чўкаётганди. Чор-атроф манзараси юрагига ваҳима солади… Қабристоннинг тўрт томони очиқ — на девор дармиёни ва на дарвозаси бор, бий дала… Нақ қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган дашту биёбон, қарғаю қузғунлар емиш талашиб чўқишар, ёввойи иту мушуклар пана-панада уларни писиб пойлашарди…

Тўфа довдираб қолади. Қабристонни бу қадар хароба аҳволда, деб ўйламаганиданми, жаҳаннамдек кўринган бу ерга онасини топшириб қўйганидан изтиробга тушади. Агар ёнида акаси, опаси, укалари ёндош турмаганида аҳволи бундан беш баттар бўларди! Бундоқ қараганда, уларнинг олдида ҳам юзи шувит, ахир улар номидан элга ризолик бериб юборди…

Айтилган сўз — отилган ўқ! У ўрнидан туради. Қабр узра бошини эгди ва шундай деди:

— Мени кечиринг, фариштам онам, сиз ётган бу чўлу биёбонни гулистонга айлантиришга сўз бераман…

Фарзандлар ўша куни оналари бошида тунни ўтказишади. Эртаси ҳам, индинига ҳам… Қоро тунлари қабрис­тон машина фараси ёки беҳисоб шамлар ёғдусида чарағон бўлиб кетади. Кечаси ўғиллар, кундузи қизлар оналари бошида посбон бўладилар. Бундай маломат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Қиш ойининг сўнгги кунлари, баъзида совуқ ачитар, қор бўралар, баъзида қор-ёмғир аралаш ёғиб, уст-бошлари жиққа хўл бўлар… Уйлари билан қабристон оралиғи йўлга айланади… Қизлар ака-укаларининг ёмғирга жиққа ботган кийим-кечакларини алмаштириш, ош-нон ташиш учун қабристон билан уй оралиғида бўзчининг мокисидай қатнагани қатнаган эди.

Биби Робия билан Жума Боймуродов фарзандлари довруғи оғизга тушади. Киройи фарзандинг бўлса шундай бўлсин, деган дуои каломлар аллақачон Музработ оша қўшни туманларга ҳам ёйилади…

Шундай қилиб, Робия момо қабрга қўйилганига 76 кун деганда, бибининг ҳамқишлоғи Шодимурод ота ҳам қайтиш қиладилар… Ўша куниёқ ёнма-ён қабрлар узра темир қўрғон ўрнатадилар.  Икки қадрдон ҳамқишлоқ бир-бирига ака-сингилдай эш, қўриқчи мисол ётганларидан кўнгиллари бироз таскин топадими, фарзандлар икки ярим ой деганда биринчи бор ўз уйларида тунайдилар…

Тўрт томони ҳайҳотдай очиқ дашту биёбонга оналари хоки қўйилганидан изтиробга тушган ўғиллар қабристонга девор олиш ташвишига тушадилар. Иш бошланиб кетади. “Дарбанд” маҳалла аҳли баҳоли қудрат ўртага пул ташлаб, маҳалла оқсоқолларидан Жума Ёвқочдиев ва Жуманазар Исматов ҳайбаракалласи билан уларга ёрдамга ошиқадилар. Ҳашар йўли билан ўн ярим гектарлик қабристон тош девор билан ўралади. Тадбиркор Феруз Султонов унга темир дарвоза ўрнатади. Қабристонга иккинчи дарвозани ака-укалари билан Собир Жумаев ўрнатади. Тоҳаратхона дейсизми, соябонлар дейсизми, маҳалла фаолларидан Умид Бобоев, Беҳзод Йўлдошев саховати туфайли қуриб битказилади. Ҳашар йўли билан қабристон хас-хашаклар, чақир тиканаклар, чиқит уюмларидан тозаланади… Қуръон оятларидан тиловат қилинади. Дуои каломлар тўхтамайди… Қўллар ҳар фотиҳага кўтарилганида қабристонни обод қилаётганлар қаторида Робия момо фарзандларининг номи ҳам тилга олиниб, улар шаънига энг эзгу истаклар айтилади…

Аммо қабристонга “Биби Робия” номини бериш осон бўлмайди. Айрим мутасаддилар момо ҳеч қаерда хизмат кўрсатмаган, у кишининг номини қўйиш қонунан тўҚри эмас, деб оёқ тираб туриб олади. Тўфа Боймуродова эса токи қабристонга онаси номи берилмагунга қадар тинчимайди. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаат қилади ва эзгу нияти рўёбга чиқади.

Кўзга ташланмайдиган, кўзингга оддийгина, жуда ҳам одмигина кўринган одамлар қалбидаги битмас-туганмас маънавият жавоҳирлари яширинганига мисол шу эмасми. Сурхоннинг оддий қизи умр бўйи ҳалол меҳнати орқасида бир бошпанага эга бўлиш учун йиғиб юрган, тишининг кавагида асраган маблағини қабристон ободончилиги учун сарфлаб юборди. Ҳозирда у ижара уйда яшайди. У ҳам тўкин-сочин, фароғатда яшашни, сайру саёҳатларни, Маккаю Мадинани зиёрат қилиб қайтишни, эл қатори кичкина бўлса ҳам машина сотиб олиб юртдошлари, қариндош-уруғлари ҳузурига Музработга ҳайдаб кириб боришни орзу қилганди… Буни қаранг-ки, онаизори ётган қабристонни обод қилиш, яшнатиш иштиёқи ҳамма орзуларидан устун келди. Ваҳоланки, йиққан маблағлари ҳамма орзу ҳавасларига етиб-ортарди.

Тўғри, у қабристонга гулу кўчатлар экиб, бу масканни қанчалик обод этмасин, мар­ҳумларга жон ато этолмаслигини яхши билади. Лекин у мар­ҳумларни бағрига олган она тупроққа жон ато этмоқчи. Бу боғу эрамлардан ўтганлар ҳам, уларни йўқлаб келаётганлар ҳам баҳраманд бўлишига ишонади.

Дилбар МАҲМУДОВА,

Ўзбекистонда хизмат

 кўрсатган журналист.

«Hurriyat» газетасидан олинди.

Шарҳ қолдириш