АҚШ Глобал медиа агентлиги масъул ходими ЎзА раҳбарияти билан учрашди ​

2019-12-12T11:44:58+00:0012 Dekabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбарияти АҚШ Глобал медиа агентлигининг маркетинг ва ҳамкорлик бўйича менежери Адам Гартнер билан учрашди.

Дастлаб меҳмон Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 2 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти, унинг ижроси юзасидан бошланган ишлар ва кутилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Ўзбекистоннинг энг асосий ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилиш биз учун муҳим, — деди Адам Гартнер учрашув давомида. — Президентнинг махсус қарори чиққан ва айнан ислоҳотлар бошланган вақтда учрашганимиздан хурсандман. Агентлик янги даврга қадам босмоқда. Тўғриси икки кунлик ташрифимда Ўзбекистон ҳақида ва бу ердаги журналистлар ҳақидаги фикрларим буткул ўзгарди. Мен бугунги янгиланаётган мамлакатингизни кўриб илҳомландим. Ижодкорларни нигоҳида келажакка ишончни кўраяпман. Марказий Осиёнинг бу қисмига биринчи маротаба келишим. Одамлар қурилишлар, ўзгаришлар ҳақида гапиришаяпти ва асосийси бу билан фахрланишаяпти. Ўйлайманки, бу ислоҳотлар янаям жадаллашади ва мамлакатни очиқлик сиёсати ўзгармайди.

Музокаралар давомида тажриба алмашишни кенгайтириш, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимларини АҚШ Глобал медиа агентлиги таркибидаги ОАВларида малака оширишини ташкил этиш, шунингдек, видеожурналистика, дата-журналистика ва замонавий мультимедиа услубларини ўзлаштириш бўйича биргаликда тренинглар ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Америка овози”нинг ўзбек хизмати билан ҳамкорлик қилиб келади

Манба: ЎзА