14 йил ижарама-ижара кўчиб юрган журналист уйли бўлди

2019-03-06T11:10:41+00:006 Mart, 2019|Сурхондарё вил.|

ЁХУД ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ ТАВСИЯСИ БИЛАН ЖУРНАЛИСТЛАР ИМТИЁЗЛИ ИПОТЕКА КРЕДИТИ ОЛМОҚДА

Журналистнинг нони қаттиқ бўлади, дейишади. Балким тўғридир, аммо мен кўпинча буни қисматга йўяман. Ортга назар солсам, шу соҳанинг этагидан тутганимга ҳам ўттиз беш йилдан ошибди. Шунча йил юракнинг измига бўйсуниб заҳматлар теграсида юрибмиз.

Ўтган давр мен учун қанчалик машаққатли, айни чоғда мазмунли кечганлигини ва энг муҳими, касб шарафи тўғрисида фахрланиб сўзлагим келади. Давр бўҳронларида тобланган журналистга халқнинг эртаси, миллат келажаги учун хизмат қилиш нечоғлик улуғ ва қадрлидир.

Йигирма йиллар Бойсун туман газетасида ишладим. 2005 йилда Термизга ишга таклиф этишди. У ёққа борсам машаққатларнинг яна ўн чандон ошишини олдиндан кўра билган бўлсам-да, таклифни рад этгим келмади. Телевидениеда иш бошладим, кейин газета таҳририятлари… Ўн йилдирки, ҳаётим ёшлар газетаси билан боғланган.

Усмон Азимнинг бир шеърида шундай сатрлар бор: “Ижара уйларнинг шавқи ёдимда”. Термизда ҳам бундай уйлар истаганча топилади, лекин унинг машаққатлари юракни зирқиратар даражада. Яна шоирнинг шеърида айтилганидек: “Қаттиққўл хўжайин кўзидан чўчиб…”. Ўн тўрт йил оиламиз билан ижарама-ижара кўчиб яшадик. Бундоқ ўйлаб қарасам, шу йиллар ичида тўққиз марта кўчишимизга тўғри келган экан. Кўрпа-тўшакларнинг жонига тўзим берсин, дейман баъзан ичимда. Ижодкор учун бу нарсалар қанчалик оғир эканлиги эса ойдай равшан. Буёғи турмуш ўртоғингиз ёки фарзандлар олдида ўзингизни айбдордек ҳис қилиш машаққати юракка оғриқ бергани-чи?!

2017 йил августида Президентимизнинг бир гуруҳ ижодкор зиёлилар, театр санъати вакиллари билан учрашувидан сўнг матбуот ходимларининг ҳам ижтимоий шароитларини яхшилашга бўлган эътибордан кўнглимиз ёришиб кетди. Кўп ўтмай Юртбошимизнинг бу борада берган таклиф ва тавсиялари асосида ижодкор зиёлилар учун Термизда ҳам 36 хонадонга мўлжалланган иккита кўп қаватли уйлар қад кўтарди. Не бахтки, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими тавсияси билан менга ҳам имтиёзли ипотека кредити асосида ана шу уйлардан бирини олиш насиб этди. Ҳозир янги уйга кўчиб ўтганмиз. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Мен билан яна олти нафар ҳамкасбим ҳам уйли бўлишди.

“Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” деган нақл бор халқимизда. Топиб айтилган гап. Сухондарёнинг ўнг қирғоғида, табиатан сўлим жойда замонавий меъморчилик талаблари асосида қурилган уйда ҳамма шароитлар муҳайё. Хоналар шинам, ошхона эса бежирим жиҳозлар билан таъминланган. Иссиқ сув дейсизми, иситиш тизими дейсизми, рисоладагидай. Уй олдида болалар учун ўйин майдончалари ташкил этилган. Тўғриси, бундай эътибордан кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Айтиш жоиз бўлса, нонимизнинг қаттиқлиги ҳам унутилгандай бўлди. Бундай эътибор ва эътироф эса биз журналистларни юрт ривожи, миллат келажаги учун янада баракали хизмат қилишга ундайди.

Исроил ШОМИРОВ,
“Сурхон ёшлари” газетаси бош муҳаррири

Шарҳ қолдириш